23 ёшли йигитнинг боши нега 90 даражага эгилиб қолди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Эронлик шифокорлар 23 ёшли йигитда кўп йиллик гиёҳванд моддалар истеъмоли оқибатида юзага келган ва тиббиётда аввал қайд этилмаган «бошнинг осилиб қолиши синдроми» ҳолатини аниқлашди.
- Беморнинг бўйин мушаклари кучсизланиб, боши 90 даражага эгилиб қолишига амфетамин ва бошқа моддалар таъсирида узоқ вақт ноқулай ҳолатда қолиши сабаб бўлган.
Эронлик шифокорлар кам учрайдиган ва ғайриоддий тиббий ҳолатни қайд этишди. 23 ёшли йигитнинг бўйин мушаклари бошини ушлаб туриш қобилиятини йўқотгани сабабли унинг боши 90 даражага эгилиб қолган. Мутахассислар ушбу ҳолатни бир неча йил давомида гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш билан боғлашмоқда.
Эроннинг Исфаҳон тиббиёт университети шифокорлари томонидан ўрганилган ҳолат Cervical Kyphoscoliosis (CKS), яъни «бошнинг осилиб қолиши синдроми» билан боғлиқ. Бу касаллик бўйинни орқа томондан тик ушлаб турувчи мушакларнинг кучсизланиши билан тавсифланади. Натижада мушаклар бош оғирлигини кўтариш ва уни тўғри ҳолатда сақлашга қодир бўлмай қолади.
Одатда, мазкур синдром митохондриал миопатия, туғма миопатия, ҳаракат нейронлари касалликлари ёки анатомик нуқсонлар, жумладан, бошнинг ғайриоддий катталиги каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлади. Бироқ Эронлик шифокорлар кўп йиллик гиёҳванд моддалар истеъмоли оқибатида юзага келган, аввал тиббий адабиётларда қайд этилмаган ҳолатни аниқлашган.
23 ёшли бемор ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қийин шароитда яшаган. Унинг тиббий тарихида оғир депрессив бузилиш ҳамда героин, опий ва амфетаминларга қарамлик ҳолатлари мавжуд бўлган.
Шифокорларнинг қайд этишича, бемор амфетамин истеъмол қилган ҳар бир ҳолатдан кейин узоқ вақт давомида бўйнини эгилган ҳолатда сақлаб турган. Бу жараён мунтазам такрорланиши натижасида унинг бўйин умуртқаларидаги ўзгаришлар аста-секин кучайиб борган.
Тиббий текширувлар давомида бош мия нервлари, мушаклар кучи ва вегетатив асаб тизими фаолияти билан боғлиқ тестлар нормал натижаларни кўрсатган. Бироқ компьютер томографияси беморнинг C3, C4 ва C5 бўйин умуртқаларида оғир кифосколиоз деформацияси мавжудлигини аниқлаган.
Касаллик даражаси баҳолангач, шифокорлар бўйин умуртқаларини тиклаш учун уч босқичли жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилишган. Операция давомида деформацияланган суяк қисми олиб ташланиб, бўйин тўғри анатомик ҳолатга келтирилган.
Жарроҳлик муваффақиятли якунланган. Орадан бир кун ўтиб, бемор махсус бўйин ёқаси ёрдамида юра олган. Уч кундан кейин эса шифохонадан жавоб берилган.
Маълум бўлишича, йигит аввалроқ турли анъанавий ва ўсимликлардан тайёрланган воситалар ёрдамида даволанишга ҳам ҳаракат қилган. Бироқ улар касаллик белгиларини енгиллаштирмагани сабабли у тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Операциядан кейин бемор бир неча марта психиатр кўригидан ўтган ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни тўхтатишга эришган. Бир йиллик кузатув натижалари ҳам ижобий бўлиб, бўйин умуртқаларининг ҳолати ва тана тузилишидаги ўзгаришлар сезиларли даражада яхшиланган.
«Биз гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиш оғир ва мураккаб бўйин кифози ривожланишига ҳисса қўшганини аниқладик. Моддалар мушак-скелет тизимидаги ўзгаришларга бевосита таъсир кўрсатмайди. Аксинча, бу жараён билвосита содир бўлади: бемор моддани истеъмол қилганидан кейин узоқ вақт муайян ҳолатда қолади. Бир неча ой давомида бу ҳолат мушак ва суяк тизимида ўзгаришларни келтириб чиқариб, кифосколиозга олиб келади», — деб ёзишган эронлик шифокорлар ўз илмий ҳисоботларида.
Таъкидланишича, оғир гиёҳванд моддалар қарамлиги ва бошнинг осилиб қолиши синдроми ўртасидаги аввал ҳужжатлаштирилмаган ушбу боғлиқликка «интоксикация синдроми» номи берилган. Мазкур тиббий ҳолат гиёҳванд моддалар истеъмолининг организмга нафақат бевосита, балки узоқ вақт давомидаги нотўғри тана ҳолати орқали ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини намоён этади.






























Изоҳлар 0
…