Мисрда Рамзес II тасвирланган икки улкан ҳайкал қолдиқлари топилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Мисрнинг Беҳбейт ал-Ҳажар қишлоғида қарийб 3 минг йиллик тарихга эга бўлган, Ramзес ИИ тасвирланган икки улкан қироллик ҳайкалининг қолдиқлари топилди.
- Ramзес ИИ ҳайкалининг тахминан 1,6 метр баландликдаги боши ва тўлиқ ҳолатда тахминан 8,5 метр бўлгани аниқланган, иккинчи ҳайкалнинг сақланиб қолган қисми эса 2,4 метрни ташкил этади.
- Топилмалар орасида фиръавннинг қироллик унвонларини ўз ичига олган иероглиф ёзувлари туширилган пушти гранит бўлаги ҳам бор.
Мисрнинг Нил делтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йиллик тарихга эга бўлган икки улкан қироллик ҳайкалининг қолдиқлари аниқланди. Улардан бири Қадимги Мисрнинг машҳур ҳукмдори Рамзес II тасвирланган ҳайкал экани тасдиқланган. Иккинчи ҳайкал ҳам шу фиръавнга тегишли бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ahram Online ва бошқа халқаро нашрлар хабар берди.
Топилма Қоҳирадан тахминан 100 километр шимолда жойлашган Беҳбейт ал-Ҳажар қишлоғида аниқланган. Маҳаллий аҳоли вакили ўз ерида ишлаётганида ёзувлар туширилган тош бўлагини кўриб қолган ва бу ҳақда археология идораларига хабар берган. Мутахассислар тошнинг қадимийлигини аниқлагач, ҳудудда қутқарув-қазиш ишлари бошланган.
Қазишмалар давомида ҳайкалларнинг қолдиқлари ва иероглиф ёзувлари туширилган пушти гранит бўлаги топилган. Энг диққатга сазовор топилмалардан бири — Рамзес II ҳайкалининг тахминан 1,6 метр баландликдаги бош қисми. Унда фиръавн Юқори ва Қуйи Мисрни бирлаштиришни ифодаловчи қўш тожда тасвирланган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳайкал тўлиқ ҳолатида, пойдевори билан бирга, тахминан 8,5 метр баландликда бўлган.
Иккинчи ҳайкалнинг сақланиб қолган қисми қарийб 2,4 метрни ташкил этади. Унинг айрим қисмлари, жумладан, оёқлари ва пастки қисми йўқолган. Шунга қарамай, ҳайкалнинг юз қисми яхши сақлангани қайд этилган.
Пушти гранит бўлагидаги иероглифлар Рамзес II нинг қироллик унвонларини ўз ичига олади. Бу ёзувлар топилмаларнинг фиръавн билан боғлиқлигини аниқлашда муҳим аҳамият касб этган.
Миср расмийлари қадимий тошни аниқлаб, тегишли идораларга хабар берган маҳаллий аҳоли вакилининг ҳаракатларини юқори баҳолаган. Ҳозирда ҳудудда қазиш ишлари давом этмоқда. Археологлар янги топилмалар орқали мазкур жойнинг қадимги тарихдаги аҳамиятини янада аниқлашга умид қилмоқда.
Беҳбейт ал-Ҳажар қадимги Исида ибодатхонаси харобалари билан ҳам машҳур. Асосан улкан гранит блоклардан қурилган ушбу мажмуа Миср тарихининг кейинги даврларида муҳим диний марказлардан бири бўлган. Бироқ янги топилган ҳайкалларнинг ибодатхона билан бевосита боғлиқлиги ҳозирча аниқланмаган.
Маълумот учун, Рамзес II Қадимги Мисрнинг XIX сулоласи вакили бўлиб, милоддан аввалги 1279–1213 йилларда ҳукмронлик қилган. У мамлакат тарихидаги энг машҳур фиръавнлардан бири саналади. Унинг даврида кўплаб ибодатхоналар, улкан ҳайкаллар ва меъморий ёдгорликлар барпо этилган. Рамзес II тарихда Рамзес Буюк номи билан ҳам танилган.
































Изоҳлар 0
…