17:01 / 09.10.2017
9 464

Олтинкўл туманида кўзага солинган хазина топилди

Олтинкўл туманида кўзага солинган хазина топилди
Андижон вилояти, Олтинкўл туманининг Сувюлдуз қишлоғи Исломобод маҳалласида яшовчи Тўхтасин ака Ҳасанов ҳовлисидан сув кўзасига жойлаб «яхши кунлар учун» ер остига кўмилган 4500 донадан зиёд мис тангалар хазинаси топилди. Хазина топилиши билан туман маъмурияти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Археология институтига мутахассис юборилишини сўраб мурожаат қилган, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

Унга кўра, ҳозирда топилмаларни ўрганишга киришилган.

Дастлабки хулосаларга кўра, тангаларга араб ёзувлари зарб қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти XVII асрга, яъни Бухоро хонлигининг Аштархонийлар сулоласи даврига ва қисман XVI асрнинг иккинчи ярмида ҳукмрон Шайбонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абдуллахон II даврига мансуб.

Дастлабки ўрганишларга кўра, хазина таркибида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент зарбхоналарида чиқарилган мис тангалар – фулуслар (ҳозирги «пул» ибораси ҳам айнан мис танга номидан келиб чиққан) борлиги аниқланмоқда. Тарихда ички бозор пул муомаласи асосини ташкил этувчи мис тангалар йирик шаҳарларда зарб қилинган. Бу даврда, жумладан, Андижон зарбхонаси ҳам мавжуд бўлган ва хазинадаги бошқа тангаларнинг ўрганилиши бунга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Турли шаҳарларда чиқарилган тангаларнинг битта хазинада жам бўлгани бу даврда минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллик билан олиб борилгани, ўша замон тадбиркор-савдогарлари воситасида пул массаси тез айланганидан дарак беради. Замонавий иқтисодиётда товар-пул айланмасининг тезлигига аҳоли даромади кўпайишининг энг асосий мезонлардан деб тариф берилади.

Ўрганишлар давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олтинкўл туманида кўзага солинган хазина топилди