КХДР делегацияси тўрт йил ичида биринчи марта Жанубий Кореяга ташриф буюрди. Жаҳондаги энг ёпиқ мамлакат вакиллари мафкуравий душмани ҳудудига Пёнгчанг-2018 Олимпия ўйинлари учун объектларни текширувдан ўтказиш мақсадида келишди. Алоҳида қизиқишга бадиий жамоалар чиқиши учун мўлжалланган майдонча сабаб бўлди.
КХДРнинг етти кишилик комиссиясига мамлакатдаги энг машҳур қўшиқчилардан бири, «Самдзийон» оркестри ва «Моранбон» машҳур мусиқа гуруҳи раҳбари Хен Сон Воль бошчилик қилди. Айтиб ўтиш лозимки, бу ансамбль давлат раҳбари Ким Чен Иннинг алоҳида муҳаббатига сазовор бўлган, қизнинг ўзида эса миллат етакчиси билан ишқий алоқалар бўлгани тахмин этилади. Хен Сон Воль ўз давлатидаги энг нуфузли аёллардан бири сифатида баҳоланади.
Шимолий кореяликлар Сеулга ташриф буюришди, сўнг тезюрар поездда Корея шимолидаги Канвондо вилоятида жойлашган Каннинга йўл олишди: бу ерда Олимпиада вақтида хоккей, фигурали учиш, конькилар, шорт-трек ва кёрлинг бўйича мусобақалар ўтказилади. 220 минг кишилик аҳоли пунктида мусобақалар учун бешта спорт аренаси барпо этилди.
Бироқ, Хен Сон Волни кўпроқ 900 кишига мўлжалланган янги концерт зали қизиқтирди. У товуш сифатини шахсан текшириб кўрди, ўзига тегишли бўлган жамоалар дастури ва чиқиш вақтини мувофиқлаштириб олди.
Шимолий кореяликлар матбуот билан гаплашишдан бутунлай бош тортишмоқда. Хусусан, Воль журналистлардан бирининг таассуротлар ҳақидаги саволига ҳеч нарса айтмай, шунчаки жилмайиб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, январда қачонлардир ягона бўлган Кореянинг ярим асрдан ортиқ вақт давомида ажралган ҳолда яшаётган қисмлари Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида умумий колонна билан ўтишга келишиб олгани хабар берилганди. Икки жамоанинг бирлашиши, гарчи бу рамзий маънода бўлса ҳам, Турин-2006 давридан бери илк марта ва тарихда тўртинчи марта кузатилади.
Бундан ташқари, Ким Чен Иннинг янги йил мурожаатидан сўнг муносабатларни яхшилаш бўйича сиёсатни илгари сура бошлаган давлатлар аёллар хоккейи бўйича мусобақага ягона терма жамоани қўйиш ниятидалар. Бу Швейцарияда салбий реакцияга сабаб бўлди. У ердаги хоккей федерациясининг фикрича, икки жамоа бирлашуви соғлом рақобатни бузиш бўйича сунъий акциядир.
КХДР спортнинг қишки турлари бўйича етакчи давлатлар орасига кирмайди. 1964 йилда Инсбрукдаги ўйинларда илк марта қатнашган шимолий кореяликлар саккизта Олимпиадада қатнашишди, Гренобль-1968, Инсбрук-1976, Лейк-Плэсид-1980, Лиллехаммер-1994, Солт-Лейк-Сити-2002 ва Сочи-2014’ни эса ўтказиб юборишди. Уларда атиги иккита медаль бор: илк Олимпиададаги кумуш ва Альбервилль-1992 бронзаси.
Таққослаш учун, ўнта ёзги Олимпия ўйинлари давомида чучхе ғоялари тарафдорлари 54 та медални қўлга киритишган. Улар фақатгина икки марта мусобақаларни бойкот қилишган: Лос-Анджелес-1984 ва Сеул-1988. КХДР атлетлари кўпроқ анъанавий шарқ яккакурашлари, жумладан, дзюдо ва таэквондода муваффақиятли иштирок этишади.
Ким Чен Ин эса 2018 йилги ўйинларга 550 кишини юбориш ҳақида кўрсатма берган. Улар орасида: 230 мухлис, 140 артист ва мусиқачилар, кўргазмали терма жамоадаги 30 таэквондочи бор. Қолган квоталар мусобақаларнинг бевосита иштирокчилари ва расмий шахслар томонидан танлаб олинди.
Шимолий кореяликлар спортнинг тўрт турида қатнашишади: фигурали учиш, тоғ чанғиси, чанғи пойгалари ва аёллар хоккейи. КХДРдан келадиган спортчиларнинг якуний сони Халқаро олимпия қўмитаси томонидан эълон қилинади. Бундан ташқари, бобслейчилар баҳсида ҳар икки Кореядан бирлашган жамоа танловдан ташқари чиқиш қилиши мумкин. Боб натижалари якуний баённомага киритилмайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)