Вайолетт Жессоп
Фото: «Uspehvgolove.ru»
Машҳур «Титаник» кемасининг фожиали тақдири барчамизга маълум. У ўзининг илк рейсидаёқ ҳалокатга учраган ва уммон қаърига ғарқ бўлган. Лекин «Титаник»нинг иккита «ака-ука»си бўлганини ҳамма ҳам билавермайди. Энг қизиғи, ушбу кемаларнинг ҳам тақдири аянчли якунланган.
Шунингдек, ҳар учала кеманинг шум тақдирига бир аёл кишининг боғлиқлигидан-да кўпчилик бехабар. Вайолетт Констанс Жессоп исмли стюардессани «қора бева» деб аташ мумкин ва у бир вақтнинг ўзида дунё бўйлаб денгиз саёҳатига чиққан энг омадли аёллардан ҳисобланади.
Фото: korabley.net
XX аср бошида «Уайт Стар Лайн» кемасозлик компанияси ўзининг катталиги ва тезлиги билан ажралиб турадиган бир неча йирик трансокеанлараро сузувчи кемалар устида иш бошлайди. «Ҳарленд энд Вулф» конструктор бюроси 1907 йили Белфаст шаҳрида ушбу лойиҳани ишлашга тушади.
Учта лайнернинг биринчиси «Олимпик» деб номланади ва 1911 йил 14 июн куни фойдаланишга топширилади. Иккинчиси «Титаник» 1912 йил апрелда, учинчиси ва охиргиси «Британник» 1915 йил декабрда илк рейсини амалга оширади.
Вайолетт исмли стюардесса
1887 йил 2 октябр куни Аргентинанинг Байя Бланка шаҳарчасида ирланд муҳожирлари Уилям Жессоп ва Кэтрин Келли оиласида қиз фарзанд дунёга келади ва унга Вайолетт исмини беришади. Болалигида қизалоқ сил билан касалланади ва шифокорлар унинг тузалишига умид йўқлигини айтишади, лекин қиз соғайиб кетади. Отаси вафот этгач, Вайолетт оиласи билан Буюк Британияга кўчиб келади ва у ерда аёллар ибодатхонаси қошидаги мактабда ўқий бошлайди.
Вайолетт оилада тўнғич фарзанд бўлгани сабабли, онаси хасталаниб қолганда тирикчилик унинг гарданига тушади. Қиз кемасозлик компаниясидаги йўловчи кемаларда стюардесса сифатида иш бошлайди.
23 ёшли Вайолетт Жессоп 1911 йил июн ойида эндигина қуриб битказилган «Олимпик» кемасининг стюардессалари қаторига киради. Қизга бу сафар хуш келмайди, чунки кема Атлантика океани орқали сузиб ўтиши керак эди. Бироқ унинг бошқа чораси ҳам йўқ эди.
1911 йил 20 сентябр куни «Олимпик» бошқа бир лайнер «Ҳоук» билан тўқнашиб кетади. Кемаларга шикаст етади, лекин чўкмайди. Ҳалокатда ҳеч ким қурбон бўлмайди, шунингдек, Жессоп ҳам омон қолади.
Бошқа кемалардан фарқли ўлароқ, «Олимпик» узоқроқ «яшайди». Биринчи жаҳон урушидан кейин Нью-Йоркка 257 та рейсни амалга оширади ва 1935 йилда металлоломга топширилади. Балки Вайолетт йўқ бўлгани учун «Олимпик» узоқроққа боргандир.
Фото: Commons.wikimedia.org
Темиржон аёл
1912 йил апрел ойида ҳар қанча қаршилик қилишига қарамай, Вайолетни «Титаник»ка ўтказишади. Уни «Титаник»нинг буюк келажагига ишонтиришади.
Шу йил 14 апрел куни Вайолетт навбатчилигини шеригига топшириб, ўз каютасига қайтади-да, ухлаб қолади ва қаттиқ силкинишдан уйғониб кетади. Бу пайтда «Титаник» айсбергга урилган эди.
Бошқа стюардессалар каби Вайолетт ҳам кеманинг энг юқори палубасига чиқишга буйруқ олади. Экипаж таркибида 23 нафар қиз бор эди ва улар ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмасди. Тунги соат 1:20 да стюардессалар 16-рақамли қайиққа ўтирадилар. Вайолетт қайиққа чиққанида унинг қўлига бир чақалоқни беришади. Сўнг номаълум аёл болани тортиб олади. Кейинчалик қиз бу аёл гўдакнинг ҳақиқий онаси эканини билолмагани, қўрқиб ва музлаганидан сўроқ-саволга ҳоли йўқлигини айтиб берган.
«Титаник» ҳалокатида 2224 йўловчидан фақатгина 710 киши омон қолади. Уларнинг орасида, табиийки, Вайолетт ҳам бор эди.
Фото: Commons.wikimedia.org
«Британник»даги ҳамшира
Тақдир учинчи лайнер «Британник»ни ҳам аяб ўтирмайди. Кеманинг қурилиш ишлари 1915 йили — Биринчи жаҳон уруши айни авжига чиққан паллада тамомланади. Британия адмираллиги лайнердан госпитал кема сифатида фойдаланишни маъқул кўради. 1916 йили Вайолетт Британия қизил хоч жамиятининг ҳамшираси сифатида «Британник» бортига чиқади.
1916 йил 28 октябрда Густав Зисс бошчилигидаги U73 сувости кемаси Кеа ороли ва Греция соҳиллари орасидаги Кеа каналига миналар жойлаштиради. 21 ноябр куни соатига 20 узел (37.04 км./с) тезликда сузаётган «Британник» немис минасига дуч келади.
Аввалига ҳалокат жиддий бўлиб кўринмайди. Барчаси тонгда кузатилади, бу пайтда ҳамшираларга нонуштани бўлмаслик буюрилган эди. Айни шу дамда кема чўкаётгани аниқланади. Сўнг эвакуация эълон қилинади ва 1036 нафар одам, шу жумладан, Вайолетт Жессоп ҳам қутқарилади.
Ҳозиргача аниқланмаган сабабларга кўра, «Британник» 55 дақиқада сув қаърига ғарқ бўлади, «Титаник» эса уч соатгача чўкмаган. Кема капитани Чарлз Бартлетт охиригача умидини сўндирмайди ва кемани саёзроқ жойга олиб чиқишга уринади, лекин бу фақат қурбонлар сони ортишига олиб келади холос. Жами 21 киши ҳалок бўлади.
Вайолетт Жессоп ҳалокат вақтида сувга сакрайди ва боши билан кема балкасига қаттиқ урилади. Жароҳат жуда жиддий эди, лекин буни Вайолетт бир неча йил ўтиб, бошида ёриқ пайдо бўлганини айтган шифокорнинг ташхисидан кейин англайди.
Нафақадаги ноёб топилма
Мазкур фожиадан тирик қайтган Вайолетт Жессоп «Олимпик» лойиҳасига қарашли ҳар учала кеманинг ҳалокатида омон қолган ягона одамга айланади.
Биринчи жаҳон урушидан кейин Вайолетт стюардесса сифатида яна икки марта дунё бўйлаб саёҳатга отланади. Унинг умумий меҳнат стажи 42 йилни ташкил қилади. Англияда нафақага чиққан Жессоп «Титаник» ва «Британник» ҳалокати тадқиқотчилари учун ноёб топилма бўлиб қолади.
Вайолетт Жессоп 1971 йил 5 май куни 83 ёшида юрак етишмовчилигидан вафот этади.
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?