11:25 / 10.07.2018
4 639

Мусулмон бўлган немис ҳуқуқшуноси: «Ислом гўзал ахлоқ демакдир»

Мусулмон бўлган немис ҳуқуқшуноси:  «Ислом гўзал ахлоқ демакдир»
Германиялик ҳуқуқшунос Абдуллоҳнинг айтганлари:
«Мен Берлинда таваллуд топдим. Ота-онам ўзлари каби зиёли ва маърифатли инсон бўлиб вояга етишимни кўзлаб, ёшликданоқ қобилият ва истеъдодимни аниқлаш мақсадида болалар руҳшуносига олиб боришарди. Руҳшунос кўрсатмалари асосида теннис, футбол каби спорт соҳаларини ҳамда пианино чалишни ўзлаштирдим. 15 ёшимдаёқ инглиз, француз ва испан тилларида бемалол суҳбатлаша олардим. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиганим учун математика ихтисослиги бўйича зукко ўқувчиларгина қабул қилинадиган гимназияга киришга муваффақ бўлдим.

Гимназияга келгунимга қадар мени дўстларим билан футбол ўйнаш, дискотекаларга бориш, ичкилик ичиш кабилар қизиқтирарди. Ўқиш бошлангач эса янги синфдошлар билан танишдим. Улар орасида мен қўл бериб саломлашолмаган ва гаплашолмаган ягона синфдошим Муслима эди.

Бу вазмин, одобли ва жиддий қиз нафақат менда, балки бутун синфдош йигитларда ўзига нисбатан эҳтиром уйғотган эди. Унда мен бошқаларда кўрмаган сокинлик ва хотиржамлик бор эдики, бунинг сабаби нима эканини билиш ҳисси менга ҳеч тинчлик бермасди. Аммо негадир гапириш у ёқда турсин, у ўтирадиган томонга қарашга ҳам журъатим етмасди.

Муслиманинг бошқа қизларга ўхшаб очиқ-сочиқ кийинмаслиги, ўзини тутиши, энг аълочи ўқувчи бўлатуриб синфдошлар билан кўнгилочар кечалару саёҳатларга бормаслиги мени ҳайрон қолдирарди. Чунки менга бириктирилган руҳшунос доимо ўзимга ишонишни таълим берар, қизиққан нарсамни ўрганиш йўлида қатъиятсизлик ва уятчанликдан воз кечишим кераклигини уқтирарди. Мазкур кўрсатмага кўра бир куни дарсдан кейин Муслимадан: «Нега ақлли ва хушрўй қиз бўла туриб бундай кийинасан? Нега биз билан гаплашмайсан?» – деб сўрадим. Табиийки, у мен билан узоқ гаплашишни истамади. Мен эса жавобни кутиб туравердим. Ниҳоят у: «Ҳаммасининг асоси, диним исломда», деди ва чиқиб кетди.

Шу пайтгача ислом дини ҳақида эшитмагандим. Ўша куниёқ кутубхонага бориб, бу динга оид китоб қидирдим. Лекин «ислом», «иймон», «мусулмон», «масжид» каби атамалар мазмунини топдим, холос. Эртасига ислом дини моҳияти ҳақида Муслиманинг ўзидан сўрадим. У қизиқишим жиддий бўлса, шаҳар марказидаги масжидга бориб, имом билан суҳбатлашишим мумкинлигини айтди. Мен дарсдан чиқибоқ, манзилга ошиқдим. Масжидга кирганимда эркаклар саф-саф бўлиб ибодат қилаётганларини кўрдим. Ибодатдан сўнг, имомнинг кимлигини аниқлаб, мақсадимни билдирдим. Имом менга тартиб билан ислом ҳақидаги китобларни бера бошлади, тушунмаган қисмларимни эринмай изоҳлаб берди. Бора-бора шу чоққа қадар дискотека, бар ва кўнгилочар клубларда ўтқазган вақтларим ўзимга бемаънилик туюла бошлади. Олти ойлик изланишлардан сўнг мусулмон бўлишга қарор қилганимни имомга билдирдим ва жума куни масжидда иймон келтириб, илк намозим – жума намозини жамоат билан ўқидим! Қани энди, ўша ондаги қалбимдан кечган ҳисларимни, кўзимдан дувиллаб оққан кўзёшларим сабабини сўз билан ифодалаб беролсам эди...

Намоздан сўнг имом бошлиқ юзтача киши қутлаб, бағрига босаркан, шу пайтгача оилам, дўстларим даврасида ҳам ҳеч қачон ҳис қилмаган самимий биродарлик, диндошлик туйғусидан дилим нурафшон тортди. Ислом менда раҳм-шафқат, биродарлик, ростгўйлик, ватанни севиш ва ота-онага илтифотли бўлиш каби фазилатларни кундан-кун кашф қилиб борарди...

Университетга кирдим. Олти йиллик таҳсилдан кейин ҳуқуқшунослик соҳасида ишлаяпман.

Тўрт йил аввал турмуш қурдим. Жуфти ҳалолим эса – мусулмон бўлганимни эшитиб, севинчдан кўзлари порлаб кетган, одоби билан мени исломга йўллаган ўша Муслима...»
Ҳабиба ҲАМДАМ, Германия.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мусулмон бўлган немис ҳуқуқшуноси: «Ислом гўзал ахлоқ демакдир»