08:58 / 05.08.2018
7 578

Дунёнинг энг ёш ва энг хавфли террорчиси...

Дунёнинг энг ёш ва энг хавфли террорчиси...
Яқинда ер юзидаги энг ёш ва шу билан бирга энг хавфли деб ҳисобланган британиялик 18 ёшли қиз Сафаа Булар суд ҳукмига кўра бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Тўғри, ҳозир бу қиз 18 ёшда. Аммо 13 ёшидаёқ дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилар гуруҳининг тўлақонли аъзоси бўлган. Шу билан бир қаторда Лондондаги «жиҳодчи» каллакесарларнинг ишонган жангарисига айланиб улгурган. Суд бу қизни иккита йирик террор ҳаракатларини содир этишга тайёргарлик кўрганликда айблади. Биринчиси, Булар Сурияда тинч аҳоли орасига кириб ўзини ўзи портлатиб юбормоқчи бўлган. Аммо гуруҳ етакчилари Суриягача етиб бора олмаслигини, қўлга тушиб қолишини олдиндан сезган ҳолда режани ўзгартиришган. Энди қиз Британия музейида террор ҳаракати содир этиши белгилаб қўйилган. Даҳшатлиси, Буларнинг онаси ҳам, опаси ҳам террор гуруҳи аъзоси ҳисобланишади. Полициячилар уларни ҳам қўлга олган. Хайрият.

Суд мажлисига Булар ғарбона кийимда кириб келди. Ва суд жараёни давомида барча ёвуз ниятларидан, режаларидан воз кечганини айтиб қасам ичди. Адвокатлари Булар ёшлик қилиб қўйганини, мияси заҳарланганини таъкидлашди. Бироқ судья Марк Деннис бу қиз жамият учун ўта хавфли террорчилигича қолишини айтиб ўтди ва унинг қасамига ҳам, адвокатларнинг гапига ҳам ишониб ўтирмади.

— Булар нима қилаётганини чуқур англаган ҳолда ҳаракатлар содир этган, — деди судья. — 13 ёшида мустақил қарор чиқариш қўлидан келарди. Демак, ҳеч ким унинг миясини заҳарлаган эмас. Унинг ўзи хоҳлаб каллакесарлар сафига қўшилган. Унинг тўғри йўлга қайтганини исботловчи далиллар ҳам йўқ. Демак, бу гаплари, ичган қасами сохта. Жазодан қутулиб қолиш учунгина бу гапларни ўйлаб топган…

Ҳа, Булар 2012 йили, деярли 13 ёшида ҳароми жангарилар сафига қўшилган. Ўшанда онаси ҳам экстремистик ғояларни астойдил тарғиб қилиш, каллакесарлик амалларини адо этиш илинжида елиб-югуриш билан банд эди. Орадан икки йил ўтгач, Буларнинг опаси Ризлейн ҳам террорчиар сафидан жой олган.

2015 йили Парижда содир этилган террор ҳаракатидан сўнг интернет орқали британиялик жангари Навид Ҳусайн билан танишиб қолди. У Ковентри графлигида истиқомат қиларди. Бироқ айни ўша вақтларда Сурияда эди. Орадан бир йил ўтгач, ёши ўзидан икки ҳисса улуғ Ҳусайнни севиб қолганини ҳис этди. Муҳаббатини исботлаш учун Ҳусайннинг ёнига — Сурияга жўнаб кетишга ҳаракат қилиб кўрди. Уддасидан чиқа олмади. Сабаби, ўшандаёқ Англия хавфсизлик хизмати ходимларининг таъқиби остида эди.

Ҳусайн интернет орқали уни Лондон шаҳрида террор ҳаракати уюштиришга ундай бошлади. Шу жараёнда у ўзининг хавфли режаларини беихтиёр ошкор этиб қўйди. Англия махсус хизмати ходимлари Ҳусайнни ўзиучар дрон ёрдамида йўқ қилишди. Шундан кейин Булар террор ҳаракатларига ҳозирликни ўзи мустақил тарзда давом эттиришга қарор қилди.

Гўё Ҳусайннинг командири сифатида ўзини таништирган инглиз агентига у ҳам режаларини сўзлаб берди. Айтдики, Лондондаги террор ҳаракатини ўқотар қурол ҳамда гранаталар кўмагида амалга ошираркан. Бу гапларидан сўнг Булар қўлга олинди ва СИЗО га ташланди. Қарангки, турмада ўтириб ҳам тинчлана олмади. Опаси билан мактуб орқали мулоқот қилиб, террор ҳаракатини амалга оширишга ундайверди.

Ниҳоят хавфли жангарилар, даҳшатлиси, аёллардан иборат террорчилар қамалди. Уларнинг ёвуз ниятлари амалга ошмай қолди.

Буларнинг опаси, 22 ёшли Ризлейн ҳам бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Онаси эса 6 йил-у 9 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёнинг энг ёш ва энг хавфли террорчиси...