Австралиялик 138 кило вазнга эга аёл қандай семирганини, кейин қандай озганини айтиб берди

  • 29 январь 2019, 23:38
  • 2 613
  • Дунё
  • Австралиялик 138 кило вазнга эга аёл қандай семирганини, кейин қандай озганини айтиб берди
    Австралиянинг Мельбурн шаҳрида яшовчи Марни Бенни (Marnie Benney) яқин-яқинларда ҳам 138 килограмм вазнга эга эди. Ўзининг тан олиб айтишича, бу вазнга сўнгги икки йил ичида эга чиққан. Чунки овқатланиш масаласида талаби дунёча эди. Аёл тан олиб айтдики, бир ҳафтада 450-500 Австралия доллари миқдоридаги пулни фастфуд, фиш-энд-чипс ҳамда Хитой лапшасига сарфлаган. Маҳсулотларни интернет орқали буюртирган. Уларни уйига элтиб беришган. Бундан ташқари, Марни кунига уч литр шакарсиз газли ичимлик ичган. Асабийлашса, ширинликларсиз, қовурилган тухумми, колбасами, ишқилиб шуларсиз тинчлана олмаган.

    — Мен эрталаб нонушта қилмасдим, тушликдан воз кечардим, — дейди унинг ўзи. — Уйга келгач, бир дунё фастфудга буюртма берардим-да, бўкиб қолгунча ердим…

    47 ёшли бу аёлга ўзининг семизлиги ёқмасди албатта. Кўп маротаба фитнес, бошқа спорт турлари билан шуғулланиш учун тўгаракларга ёзилган. Аммо бир-икки марта қатнагач, эрина бошлаган-у бормай қўйган.

    Аммо ҳамма нарсанинг боши ва охири бўлганидек, кунларнинг бирида врач кўригидан ўтди-ю, даҳшатга тушиб қолди. Врачнинг айтишига қараганда, агар зудлик билан соғлом турмуш тарзини бошламаса, инфаркт ёки инсультга учраши тайин экан. Жуда бўлмаганда қандли диабетнинг 2- турига учраркан.

    Қўрқмай ҳам бўпти. Аёл оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолди-ю!..

    Тўғри, дастлабки икки ойда Бенни мустақил равишда эгилиб, кроссовкасининг боғичларини боғлай олмай юрди. Шунга қарамай, мураббий кўнглини кўтариб, боғичларни бойлашда, ечишда ёрдамлашиб турди. Қарабсизки, 11 ой деганда 70 килограмм вазн ташлади. Югуриш марафонида илк бор бошқалар қатори тўлиқ югуриб ўта олди.

    Бенни шу кунларда ўзини жуда яхши ҳис этмоқда ва дунёда ундан бахтлироқ инсон йўқдек қувониб яшамоқда. Шу билан бирга дунёдаги семизликдан қийналаётганларга нима қилиб бўлмасин, озишни маслаҳат бермоқда.

    Манба: Hordiq.uz

    » » Австралиялик 138 кило вазнга эга аёл қандай семирганини, кейин қандай озганини айтиб берди