Қозоғистонда эр хотинини ҳадеб қиз туғавергани сабабли ташлаб кетди

  • 10 март 2019, 15:57
  • 2 951
  • Дунё
  • Қозоғистонда эр хотинини ҳадеб қиз туғавергани сабабли ташлаб кетди
    Оқзайда Бекбўлсинова ҳозир беш қизнинг онаси. Айтишига қараганда, учинчи қизи туғилгач, эри зарда қилиб уйдан чиқиб кетган. Ўшанда қиш эди. Ёз келиши билан қайтган. Тўртинчи қиз дунёга келган. Яна қишда фарзандларини, оиласини ташлаган-у, уйдан кетган. Ёзда тағин қайтиб келган. Орадан маълум вақт ўтиб бешинчи қиз дунёга келган. Бу гал у уйдаги квартира ижараси учун беркитиб қўйилган пулларни олган-у, бутунлай кетган. Мана, ўшандан бери анча йил ўтди. Оқзайда беш қизини ўзи ёлғиз катта қиляпти.

    — Эрим ўғил туғмаслигимни айтиб кун бермасди, — дейди аёл. — Худонинг берган куни ичиб келиб мени калтакларди. Баҳона битта. Ўғил туғмаганим… Мен эрим ташлаб кетгач, ишга чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Лекин орадан ҳеч қанча ўтмай, уйимизда ёнғин содир бўлди. Икки қизим жароҳат олиб касалхонага тушиб қолди. Яхшики, худо хайрини берсин, қўшниларим ҳамма болаларимни қутқариб қолишибди. Кейин яна қанчадир вақт ўтиб икки кичик қизимнинг устига ойна тушиб кетди. Хуллас, қизларимни қаровсиз қолдира олмадим. Ишдан бўшадим. Албатта қийналдик, вақти келганда, тиланчилик қилиб ҳам пул топдик. Қизларимнинг отаси эса ўша-ўша қайтмади…

    Қозоғистоннинг «Евразия» телеканалидаги кўрсатувлардан бирига Оқзайдани қизлари билан таклиф этишганди. Кўрсатув жонли кечгани сабабли бошловчи қизалоқларнинг отасига қўнғироқ қилишга уриниб кўрди. Эркак гўшакни кўтармади. Укаси уйда экан, ўша гўшакни кўтарди. Айтдики, акаси уйга ҳам анчадан бери қадам босмабди. Яқинда отаси оламдан ўтган экан. Таъзиясига ҳам келмабди.

    Манба: Hordiq.uz

    » » Қозоғистонда эр хотинини ҳадеб қиз туғавергани сабабли ташлаб кетди