
Фото: AP Photo / Amr Nabil
Жорий йил Умра мавсуми 20 сентябрдан бошланади. 1 октябрдан бошлаб кунлик 2 та авиарейс асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу ҳақда бугун, 4 сентябрда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ҳаж-2019 мавсуми якуни бўйича ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Маълумот берилишича, бу йил Ўзбекистондан 7200 нафар юртдошимиз ҳаж сафарида бўлиб қайтди. Шундан 6970 нафари зиёратчилар, 230 нафари хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлари аъзоларидир.
Брифингда айтилишича, ҳажга боришга номзодларнинг ислом арконларини билиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олишига эътибор қаратилди. Шунингдек, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва илмий меросидан хабардорлиги, маҳалладаги жамоатчилик ишларида фаоллиги кўриб чиқилди. Номзодлар ҳақида жамоатчилик фикри ўрганилди.
Улар томонидан жами 14326 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқароларни оталиққа олиш таъминланди.
Ҳаж сафарига борувчилар томонидан оталиққа олинган фуқароларга жами 9,3 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Қайд этилишича, Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ
33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди. Яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба “Масжид ан-Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Пулман замзам” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишди.
Ҳожиларимиз учун 24 соат давомида замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Зиёратчиларга сафар олдидан давлатимиз рамзлари акс эттирилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеоқўлланма тақдим этилди.
Маълумот берилишича, Ҳаж-2019 мавсумида бир нафар зиёратчи – Фарғона вилоятилик Муҳаммад Исмоилов юрак хасталиги сабабли вафот этди. 31 июль куни ишчи гуруҳи аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва гуруҳдошлари ҳамроҳлигида марҳумнинг Масжидун Набавийда шом намозидан сўнг жанозаси ўқилиб, Мадина шаҳридаги “Бақи” қабристонига дафн этилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг