06:33 / 05.01.2020
3 530

Маданият вазирлиги 10 метр баландликдан қулаган акробатлар ҳақида маълумот берди

Маданият вазирлиги 10 метр баландликдан қулаган акробатлар ҳақида маълумот берди
Нидерландия пойтахтидаги «Карре Амстердам» театрида 3 январь куни ташкил этилган томоша вақтида 10 метр баландликдан бир-бирининг устига йиқилган ўзбекистонлик икки акробат — Кристина Воробёва ва Рустем Османовнинг аҳволи оғир эмас. Бу ҳақда, Маданият вазирлигига асосланиб, «Xabar.uz» хабар бермоқда.

Аввалроқ бахтсиз ҳодиса Рустем Кристинани бир қўли билан ушлаб, иккинчисини бўшаштирганда юз бергани, Кристина ерга чалқанча тушиб, қимирламай қолгани, акробатлар шифохонага жойлаштирилгани ва уларнинг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, Кристина шифохонада аллақачон операция қилинган ва айни вақтда унинг аҳволи қониқарли баҳоланмоқда. Рустем Османовнинг ҳам ҳолати яхши — у Кристинанинг устига тушгани учун оғир жароҳат олмаган.

Кристина Воробёва ва Рустем Османовдан иборат Sky Angels дуэти кўплаб совринларни, жумладан цирк «Оскар»и ҳисобланган «Олтин масхарабоз» мукофотига сазовор бўлган. Бу дуэт тишга осилган ҳолда бажариладиган энг мураккаб трюкларни ҳимоя тўрисиз қила оладиган Ўзбекистондаги ягона цирк артистларидир.

Маданият вазирлигидан қўшимча қилишларича, бу акробатлар Ўзбекистон Давлат циркининг ходимлари эмас ва улар шартнома асосида фаолият юритиш учун хорижга жўнаб кетган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Маданият вазирлиги 10 метр баландликдан қулаган акробатлар ҳақида маълумот берди