19:44 / 09.01.2020
2 582

Абхазияда намойишчилар президент маъмурияти биносини қамал қилди

Абхазияда намойишчилар президент маъмурияти биносини қамал қилди
© Sputnik / Томас Тхайцук
Абхазия пойтахти Сухумида мухолифат вакиллари бўлган намойишчилар мамлакат президенти маъмурияти биносини қамал қилишди. Президентлик сайлови натижаларидан норози бўлган юзлаб кишилар бинога бостириб киришга уринишган.

Абхазия мухолифати СССР қулагач Грузиядан ажралиб чиққан республика раҳбари Раул Хаджимбадан истеъфо талаб қилмоқда.
800 нафарга яқин намойишчи тонгда Абхазия драматик театри биноси олдида тўпланган ва кейин президент маъмурияти биноси томон ҳаракатланган. Маҳаллий вақт билан соат 13:00да (Тошкент вақти билан соат 15:00) бинони қамал қилиш бошланган.

Маъмурият ходимларига уйига жавоб бериб юборилган.

Намойишчилар эшиклар ва деразаларни синдиришган ҳамда ичкарига бостириб киришга уринишган. Шундан сўнг, полиция ва қўриқчилар намойишчилар бино ичига кирмаслиги учун куч ишлатган. РИА Новости нашри хабарига кўра, полиция билан тўқнашувлар оқибатида бир неча киши жароҳатланган ва шифохонага олиб кетилган.

Ҳукумат рўй бераётган ҳодисаларни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳолаган, шу билан биргаликда, намойишчиларга конституция доирасида чора кўрилишини маълум қилган.

Мухолифат вакиллари эса президент Раул Хаджимбадан истеъфога чиқишни ва сайловлар қайтадан ўтказилишини талаб қилишмоқда. Акс ҳолда мамлакатдаги вазият «инқирозли ҳолатга айланиши» айтилмоқда.

Иккинчи турдаги тенглик

Абхазияда президентлик сайловлари 2019 йил сентябрь ойи бошида бўлиб ўтганди. Амалдаги президент Раул Хаджимба 47,39 фоиз овоз олган ва мухолифат партия номзоди Алхас Квициниани 1 фоизлик фарқ билан ортда қолдирганди — 46,17 фоиз. Абхазиядаги сайловчилар сони 127 минг киши (иккинчи турга 65 минг сайловчи келган), Хаджимба ва Квициниа ўртасидаги фарқ атиги 1 минг атрофидаги овозни ташкил этган.

Мухолифатчиларни бундай натижа қониқтирмади. Квициниа, унинг партияси «Амцахара» ва яна саккизта партия натижалар ноқонуний деб тан олинишини талаб қилишди, бу даъвога аргумент сифатида иккинчи турда ғалаба қозониш учун номзод мутлақ кўпчилик сайловчилар овозини қўлга киритиш талаб этилишини келтиришди, Хаджимба эса расмий маълумотларга кўра 50 фоиз ҳам овоз тўплай олмаганди.

Пайшанба куни мухолифат Раул Хаджимбага мурожаатини эълон қилди, унда президентдан ваколатларини топшириш талаби қўйилган.

Хаджимба 2014 йилги сайловларда ғолиб бўлиб, Абхазиянинг тўртинчи президенти сифатида сайланганди. У аввалги президентлар Владислав Ардзинба ва Сергей Багапшга (иккиси ҳам президентлиги вақтида касалликдан вафот этган) мухолиф партияга («Абхазия миллий бирлиги форуми» партияси) раҳбарлик қилган. У 2003-2004 йилларда Абхазия бош вазири, 2005-2009 йилларда Абхазия вице-президенти бўлган. У 2009-2014 йилларда Абхазия парламенти депутати бўлган.

У 2019 йил сентябридан иккинчи 5 йиллик муҳлатга лавозимини бажариш учун киришган, аммо мухолифат вакиллари сайлов натижалари юзасидан судга мурожаат қилишганди. Пайшанба куни Олий суд даъвони кўриб чиқиши керак эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Абхазияда намойишчилар президент маъмурияти биносини қамал қилди