06:57 / 16.01.2020
2 484

Истанбулда Навоийнинг илк расмий девони янги нусхаси аниқланди

Истанбулда Навоийнинг илк расмий девони янги нусхаси аниқланди
Алишер Навоий қаламига мансуб «Бадоеъ ул-бидоя» девонининг Туркияда сақланаётган олтинчи нусхаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, қўлёзма Навоий ҳаётлиги даврида машҳур хаттот Султонали Машҳадий томонидан қоғозга туширилган.

Бу ҳақда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов 15 январь кунги матбуот анжуманида маълум қилди.

«2019 йилда Истанбулда Ўзбекистонга тегишли маданий бойликларни тадқиқ этиш жараёнида Алишер Навоий ҳаётлик даврида – 1485 йилда кўчирилган қўлёзмани ўрганишга муваффақ бўлдик.

Ҳозиргача бу девоннинг 5та нусхаси фанга маълум эди. Биз аниқлаган қўлёзма 6-вариант – «Истамбул нусхаси» сифатида қайд этилди», – деган Афтондил Эркиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, Истамбулда ўрганилган асар Алишер Навоий ҳаётлиги даврида кўчирилгани билан ҳам аҳамиятли.
«Алишер Навоий мазкур қўлёзма асарини ҳаётлик даврида таҳрирлагани ҳам ўрганишлар натижасида аниқланди. Бу қўлёзма-асарнинг аҳамиятини янада оширади», – дея қўшимча қилди адабиётшунос олим.

Маълумот учун, Алишер Навоийнинг лирик шеърлари жами 8та девонга жамланган. «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси») – шоирнинг ўзи тузган илк расмий девони саналади. Асар тахминан 1472-1476 йиллар оралиғида Хуросон шоҳи Ҳусайн Бойқаронинг илтимоси билан тартиб берилган.

Бунга қадар навоийшуносликда ушбу девоннинг шоир ҳаётлик даврида кўчирилган Париж, Лондон, Теҳрон, Боку ва Тошкент нусхалари маълум эди. Олтита қўлёзма 1480–1486 йиллар оралиғида (муаллифнинг 34-45 ёшлари) китобат қилинган, аммо улардаги шеърлар таркиби фарқ қилади. Девон ўндан зиёд жанрдаги мингдан ортиқ шеър (777таси ғазал)дан иборат.

Эслатиб ўтамиз, 9 февралда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги нишонланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбулда Навоийнинг илк расмий девони янги нусхаси аниқланди