Олмаотада «коронавирус юқтирган бемор» қандай кутиб олинди?

  • 26 январь 2020, 19:52
  • 3 025
  • Дунё
  • Олмаотада «коронавирус юқтирган бемор» қандай кутиб олинди?
    Фото: Алмаз Толеке
    Хитойда янги турдаги коронавирус тарқалиши сабабли Қозоғистонда санитария назорати кучайтирилди.
    Informburo нашрининг хабар беришича, Олмаота аэропортида Хитойдан бемор йўловчи бўлган самолёт келганида қандай йўл тутиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.

    Машғулот транспортда маҳсулот ва хизматлар хавфсизлиги сифатини назорат қилиш департаменти ва Олмаота аэропорти санитария-карантин пункти ҳамкорлигида ташкил этилди. Сценарийга кўра, диспетчерга Хитойдан келган самолётда коронавирусга чалинганлик аломати бўлган йўловчи борлиги хабар қилинди. Унинг ҳарорати баланд бўлиб, йўтал хуруж қилган ва аҳволи ёмон. Шу билан бирга, бортда 150 йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоси бор. Бемор барчадан узоқ жойга ўтқазилди ва унинг самолёт ичида ҳаракатланиши чекланди.

    Махсус автотранспорт хизмати самолётни санитария тураргоҳига олиб келди. Полиция терминалнинг кириш ва чиқиш эшикларини тўсиб қўйди, чегара ва божхона назорати тўхтатилди. Бортга санитария-карантин назорати мутахассислари аэропорт тиббий ходими билан биргаликда кўтарилди. Уларнинг барчаси махсус кийиларда эди.

    Мутахассислар бемор ва бошқа йўловчиларнинг аҳволини сўрашди, қўл тепловизори ёрдамида уларнинг ҳароратини ўлчашди. Шунингдек, ҳашарот ва кемирувчилар бор-йўқлигини текшириш учун юк бўлмаларини кўриб чиқишди.

    Шундан сўнг йўловчилар самолётдан тушишди ва автобусда ташриф буюрувчилар залига олиб келинди. Буюмларга қўл тегизмаслик мақсадида улар портатив қурилма ёрдамида текширилди.

    Сўнгра бортга шифокор кўтарилди ва дастлабки ташхисни қўйди: коронавирус эҳтимоли. Бемор капсула ёрдамида Олмаотадаги касалхонага жойлаштирилди.

    Бу вақтда аэропортда ҳаво кемаси дезинфекция қилинди.

    Йўловчилар текширувдан ўтказилганидан сўнг уларнинг паспортлари текширувдан ўтказилди. Сўнгра йўловчиларга соғликларига эътиборли бўлиш ва дастлабки симптомлар пайдо бўлганида шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.

    Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий кузатув ва назорат остида. 23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ўтказган матбуот анжуманида республикага кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатилгани, барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминлангани ҳақида маълумот берилди.

    » » Олмаотада «коронавирус юқтирган бемор» қандай кутиб олинди?