23:43 / 10.02.2020
3 327

Турк ҳарбийлари яна Идлибда ўққа учради

Турк ҳарбийлари яна Идлибда ўққа учради
Саракибга яқинлашаётган сурияликлар Фото: AFP
Туркиялик беш нафар ҳарбий Идлибда Сурия ҳукумати армияси томонидан йўлланган артиллерия зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. Туркия Сурияда сўнгги кунларда иккинчи марта йўқотишга учрамоқда - ўтган ҳафтанинг душанбасида сурияликлар ҳужумидан 8 нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлганди.

Туркия Мудофаа вазирлиги душанба куни Сурия шимолида, Идлиб вилояти ҳудудидаги кузатув пунктларига Башар Асад армияси томонидан ҳужум уюштирилгани ва бу ҳужум оқибатида беш аскар ҳалок бўлиб, яна беш аскар жароҳатлангани ҳақида маълум қилган.

«Сурия ҳукумати ҳарбийлари томонидан Идлиб ҳудудида амалга оширилган артиллерия ҳужуми оқибатида беш нафар аскаримиз ҳалок бўлиб, беш аскар жароҳатланди. Жавоб зарбаси қайтарилди», - дея вазирлик баёнотидан иқтибос келтиради NTV телеканали.
Маълум қилинишича, турк ҳарбийлари Сурия армиясининг позицияларига «жавоб зарбалари қайтарган».

Қайд этиш керакки, бу Сурия ҳукумати армияси бир ҳафта муддат ичида иккинчи марта Идлибдаги армиячиларни қўллаб-қувватлаб келаётган туркиялик ҳарбийлар ўлими билан якунланган ҳужум уюштириши бўлмоқда. Ўтган йил охирида Башар Асад армияси Идлибга юриш бошлаганди. 3 февраль куни Туркиянинг 8 нафар ҳарбийси ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўшанда Туркиянинг жавоб зарбасидан 76 нафар суриялик аскар ҳалок бўлганини айтганди. У 5 февраль куни Сурия ҳарбийлари ой охирига қадар туркларнинг Идлибдаги кузатув пунктларидан узоқлашиши кераклигини айтиб, акс ҳолда кенг кўламли ҳужум бошлаш билан таҳдид қилганди. Бу постлар 2017 йилда Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги келишувга мувофиқ ташкил этилганди.

Туркия Идлибдаги кузатув постларини кучайтириш учун ҳарбий жўнатмоқда Фото: AFP
Сўнгги кунларда Туркия ҳарбийлари фаоллик билан Идлибдаги постларни мустаҳкамлашмоқда. 8-9 февраль кунлари Анқара махсус топшириқли ҳарбий бўлинмаларини ҳамда зирҳли техникаларини Сурия шимолига юборган. ОАВ маълумотига кўра, Идлибдаги базаларга 1240та ҳарбий техника (танклар, зирҳли техникалар ва ўқ-дори ортилган машиналар) ҳамда 5 минг аскар келиб қўшилган.

Ўтган ҳафтанинг жума куни Сурия ҳарбийлари Идлибдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Саракиб шаҳрини эгаллаб олишганди. Бу шаҳар иккита асосий автомагистрал кесишмасида жойлашган, йўлларнинг бири шимолни жануб билан - яъни Ҳалабни Дамашқ билан боғласа, иккинчиси мамлакат ғарбини шарқ билан боғлайди. Шундан кейин турк ҳарбий колонналари Идлибга йўл олган.

Айни вақтда Сурия ҳукумати ҳарбийлари бир миллиондан ортиқ киши яшайдиган Идлиб шаҳридан 16 км масофада жойлашган.
Шанба куни Анқарада Туркия ва Россия ҳукуматлари делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, унда Туркия армиясининг Идлибдаги кузатув пунктлари тақдири ҳам муҳокама қилинган. Яқин вақтлар ичида Анқарада музокараларнинг давоми ўтказилиши режалаштирилганди.

Аввалроқ Эрдўған Идлибдаги вазиятга тоқат қилиб бўлмаслигини айтиб, юзага келган вазиятда Сурия ҳукуматини қўллаётган Россияни ҳам айблаганди.

Идлиб вилояти Сурия мухолифатининг сўнгги таянчи бўлиб қолмоқда. Туркия ва Сурия президенти Башар Асаднинг асосий иттифоқчиси Россия 2018 йилда Идлибда ҳарбийлардан холи ҳудудни ташкил этиш бўйича келишув тузганди. Аммо бу келишув шартларига амал қилинмади.
Эрдўған аввалроқ Россияни минтақада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бузишда айблаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Турк ҳарбийлари яна Идлибда ўққа учради