14:51 / 01.03.2020
4 719

Коронавирус: Мавжуд вазият ва келажак тахминлари

Коронавирус: Мавжуд вазият ва келажак тахминлари
Фото: Anadolu Ajansi
Мавжуд ҳолат қандай?
Коронавирус тарқалишидан зарарланганлар сони 87 мингга яқинлашган, вирус туфайли вафот этганлар сони қарийб 3 мингга яқинни ташкил этмоқда. Ушбу рақам ҳар дақиқада ортиб бормоқда. Касаллик Антарктидадан ташқари барча қитъага тарқалиб улгурди. ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Жанубий Корея, Эрон ва Италиядаги вазиятдан сўнг касалликка қарши самарали курашиш учун жуда оз вақт қолганини таъкидлади. Эпидемия туфайли халқаро ҳамжамиятда қўрқув, кескинлик ва ваҳима муҳити ҳукм сурмоқда. Жамиятда юзага келган бу ҳолат адабиётларда аллақачон «коронафобия» сифатида қайд этилди.

Хитойдан ташқарида вирус тарқалиши кўрсаткичи
Аломатлар йўқ, аммо…
Коронавирус беморнинг йўталиши ёки аксириши пайтида ҳаво йўлидаги томчилар орқали бошқа инсонга юқиши маълум. Шунингдек, вирус инсон нажаси орқали юқиши бўйича ҳам тадқиқотлар ўтказилди, аммо бу мавжуд изланишларнинг жуда кам қисмини ташкил этади. Вируснинг почта жўнатмаси ёки уй ҳайвонлари орқали юқиши ҳақида ҳали ҳеч қандай далил-исбот йўқ. Аммо «асемптоматик» (аломатлар йўқ) деб таърифланган касалликнинг яширин даври вирусни юқишнинг юқори даражага эга эканини кўрсатмоқда.

Касалланган беморларда симптомларнинг ўртача давомийлиги 5-6 кун. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу давр бир ҳолатда 19 кунгача, бошқа ҳолатда 24 кунгача чўзилиши мумкин.

Кимга таъсир даражаси кучли?
Шуни таъкидлаш керакки, вируснинг тарқалиши ва тарқалиш даражаси юқори бўлса-да, ўлим даражаси (2,3 фоиз) паст, Covid-19 вирусини юқтирган беморларнинг кўпчилиги (81 фоизи) енгил касалланган. Касаллик 98 фоиз ҳолда катта ёшдаги одамларга ва қўшимча касаллик (масалан, диабет, қон босими)га чалинган одамларга таъсир қилмоқда. Ҳозиргача вафот этганларнинг 80 фоизи 60 ёшдан ошган, уларнинг 75 фоизида соғлиқ билан боғлиқ қўшимча муаммолар бўлган.

Вирус манбайи кўршапалаклар эмас?

Кўплаб панголинлар Малайзиядан ноқонуний йўллар орқали Хитойга келтирилган / Getty Images
Ҳозиргача вирус (96 фоиз) кўршапалаклардаги вирусларга ўхшаш экани ва улардан тарқагани тахмин қилинганди, аммо ўтказилган тадқиқотдан бирида панголин номли ёввойи ҳайвонлардаги вируслар ҳозирги коронавирусга 99 фоиз ўхшашлиги аниқланди. Панголин Уҳандаги ёввойи ҳайвонлар бозорида сотиладиган тур эмас, аммо у ноқонуний савдога қўйилган. Ҳозирги кунда вируснинг манбайи деб тахмин қилинадиган энг шубҳали ҳайвон бу – панголин.

Аэропортлардаги термал скрининг қай даража самарали?
Аэропортларда термал скрининг ўтказилиши қай даражада самара бериши энг кўп баҳс қилинаётган мавзулардан. Тадқиқотлар термал сканерлаш 54 фоиз самарали эканлигини кўрсатмоқда, яъни ҳар 100 бемордан атиги 54 нафарини шу йўл орқали аниқлаш мумкин.

Коронавирус учун эмлаш ишларида ҳозирги вақтда 4 молекула диққат марказида. Бироқ ушбу тадқиқотлар 12-18 ой ичида натижа бериши кутилмоқда. Шу сабабли қисқа муддатда вакцина пайдо бўлиши даргумон.

Ҳозирча вирусга қарши қандай дорилар бор?
Беморлардан ташхислаш учун олинган намуналар RT-PCR (reverse transcription polymerase chain reaction) деб номланган лаборатория усули билан текширилади. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ўпка томографияси RT-PCR каби самарали бўлиши мумкин. RT-PCR салбий натижа берадиган ҳолатларда гумон қилинган одамда ўпка томографияси ўтказиш кераклиги айтилган.

Касалликнинг самарали давоси ҳали аниқланмаган бўлса-да, баъзи тадқиқотлар истиқболли. Хитойда дори-дармонларни ривожлантириш бўйича 80дан ортиқ клиник тадқиқотлар олиб борилмоқда. Сунъий интеллект ва орттирилган разведка амалиётлари дори молекуласини ишлаб чиқиш ва эпидемиянинг тарқалишини тахмин қилиш учун ишлатилади. Масалан, сунъий интеллект дастурида «баритситиб» номли дори мавжуд молекулалар орасида ушбу вирусга қарши энг самарали дори бўлиши мумкинлиги аниқланди.

Февраль ойи бошида 760 беморда ўтказилган яна бир тадқиқотда «ремдесивир» деб номланган молекула вирусга қарши самарали экани ва май ойида Хитойда қўлланиши маълум қилинди. ЖССТ ремдесивир, лопинавир ва ритонавир каби дорилар бўйича изланишларни диққат билан кузатиб бормоқда. Хитойлик олимлар ушбу дориларни беморларда синаб кўришмоқда. Ремдесивир препарати ҳозирги кунда энг истиқболли вариант ҳисобланади.

ЖССТ тавсиялари ва кўрсатмаларига биноан, беморларни даволаш жараёни қўшимча касалликларни назорат остида ушлаб туриш орқали амалга оширилади. Хитойнинг касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси маркази томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар 29 745 бемор даволанган.

Руҳий саломатлик жуда муҳим!
Хитойдаги эпидемия соғлиқни сақлаш мутахассисларининг руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатди. Инфекцион хавф, юқори жавобгарлик, узоқ иш вақти, камситиш, яккаланиш, оила аъзоларидан ажралиб чиқиш, беморлар ўлими билан боғлиқ жараёнлар соғлиқни сақлаш ходимларининг руҳий зўриқишига олиб келмоқда.
Шу сабабли соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларини қўллаб-қувватлайдиган руҳий-ижтимоий ёрдам гуруҳи ташкил этилди ва бу бўйича махсус қўлланма ҳам яратилди. Руҳий саломатлик билан боғлиқ айни шундай муаммолар касаллик ва ўлим ҳақидаги янгиликларга доимий дуч келувчи ҳар қандай жамиятда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Таъкидлаш керакки, жамоатчиликнинг руҳий саломатлигини ўрганиш эпидемияга қарши курашишда муҳим ўрин тутади.

Бундан кейин нима бўлади?
Жуда кўпчиликни «Хўш, бундан кейин нима бўлади?» деган савол қизиқтиради: эпидемия суръати пасаймоқдами ё тобора кучайиб боряптими?

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Хитойда давом этаётган карантин ва изоляция амалиёти самарали бўлиб, вирус тарқалишини камайтиради. Бироқ баъзи олимларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда ушбу касаллик Хитойдан бошқа мамлакатларда ҳам тез тарқалаётгани сабабли пандемия (глобал авж) даражасига етди. Ҳарвард соғлиқни сақлаш мактаби мутахассисларининг таъкидлашича, ҳозирги вазият пандемия мезонларига жавоб беради. Пандемия – бу эпидемиянинг карантин чораларини енгиб, дунёга тарқалишини ифода этувчи тушунча. Пандемияда ижтимоий ҳаётни чеклаш, мактаблар, кинотеатрлар, ибодат жойлари ва савдо марказлари каби жамоат жойларини вақтинча ёпиш каби чоралар кўрилиши мумкин.

ЖССТ эпидемия пандемияни келтириб чиқариши мумкинлигини айтмоқда. Аввалроқ эпидемия 23 январдан 2 февралгача чўзилиб, кейин яна пасая бошлаши тахмин қилинганди. Аммо вирусдан таъсирланган одамлар сонидаги ҳаддан ташқари тебраниш моделлаштиришга асосланган башоратларни йўққа чиқармоқда. Бу эса яқин келажакда нима бўлишини тахмин қилишни қийинлаштирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бундан кейин эпидемия авжига чиқади. Бироқ янгиланган ҳисоб-китобларга кўра, авж олиш мартнинг охири ва май ойининг охири орасидаги даврда кутилмоқда.

Дунёнинг етакчи илмий журналларидан бири бўлган «Nature» нашрида эълон қилинган энг оптимистик сценарийга кўра, эпидемия ўзининг энг юқори чўққисига чиққан пайт Хитойда 1 миллион одам касалликка чалинади. Энг ёмон ҳолатда эса бутун Хитой бўйлаб 550-650 миллион одам (аҳолининг қарийб 40 фоизини) касалланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Хавф остида бўлган давлатлар
Таъкидланишича, Хитой билан яқин алоқада бўлган давлатлар агар тегишли ижтимоий чораларни кўрмаса, эпидемик марказларга айланиши мумкин. Африка мамлакатлари, айниқса, Нигерия юқори хавф остида. Шунингдек, Эфиопия, Судан, Ангола, Танзания, Гана ва Кения соғлиқни сақлаш тизимининг ёмонлиги сабабли хавф остида бўлган давлатлар сирасида.

Асоссиз маълумотлар билан кураш
Covid-19’га қарши кураш давом этаётган бир пайтда асоссиз маъумотлар тарқалиши ҳам эпидемия кўринишини олмоқда. Хитой бу борада кескин чораларни кўрмоқда. Масалан, Хитойда саккиз киши жамоатчиликка ёлғон хабар тарқатгани учун ҳибсга олинган. Асоссиз хабарлар асосан ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Ижтимоий медиадан фойдаланиш жамиятда қўрқув ва кескинликни келтириб чиқаради. Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий медиа фойдаланувчиларда касалликнинг олдини олиш хатти-ҳаракатларида ҳам самарали бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нафақат коронавируснинг, балки асоссиз маълумотларнинг ҳам тарқалишига қарши курашаётганини айтмоқда.

Асоссиз маълумотлар келтириб чиқарадиган муаммолардан бири – бу жамоатчилик ўртасидаги ваҳимадир. Ниқоб захиралари тезда камайиши ва соғлиқни сақлаш хизматларининг блокланиши, хитойликларга нисбатан дискриминация кучайиши шулар жумласидан.

ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари бўрттирилган ва асоссиз маълумотлар ёки янгиликлар жамиятда қўрқув ва ваҳима қўзғатмоқда, бу асосий эпидемияни бошқаришни қийинлаштирмоқда. Дунё бўйлаб 30та тасдиқлаш агентликлари ушбу сохта янгиликлар билан курашмоқда.

ЖССТ тавсиялари
Асоссиз маълумотларга қарши курашиш учун ЖССТ томонидан қуйидаги тавсиялар берилмоқда:
- Янгилик манбасига мурожаат қилинг, текширинг;
- Янгиликлар тарихига, янгиликларнинг таркибий тарихига эътибор беринг. Таркибни диққат билан ўқинг;
- Расмий муассасаларнинг изоҳларини кўриб чиқинг;
- Янгиликларни тасдиқловчи маҳаллий ва хорижий сайтларни кузатиб боринг;
- Агар сиз янгиликларни ўзингиз тасдиқлашни хоҳласангиз, Хитой қидирув тизимларидан, ижтимоий медиа платформаларидан, таржима дастурларидан ва тескари расм қидириш сайтларидан фойдаланинг;
- Асоссиз, шубҳали, ишончсиз ва тасдиқланмаган янгиликларни баҳам кўрманг.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Мавжуд вазият ва келажак тахминлари