15:03 / 22.03.2020
4 014

Коронавирус: Қандай вакцина ва таҳлиллар синаб кўрилмоқда?

Коронавирус: Қандай вакцина ва таҳлиллар синаб кўрилмоқда?
GETTY IMAGES
Турли мамлакатлардаги тиббиёт ходимлари Covid-19 вакцинаси ва янги синов муолажалари устида ишламоқда. Вакциналар кимларда синалмоқда ва яқин келажакда оммавий тақдим этилувчи дори-дармонлардан умид қилса бўладими?

Март ойи ўрталарида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцинанинг 41 «номзоди»ни рўйхатга олди.
Номзод вакциналарини ишлаб чиқувчилар орасида йирик глобал фармацевтика ҳолдинглари ва таниқли университетлар мавжуд — Англиядаги Оксфорд университети, Франциянинг Пастер институти шулар жумласидан.

Ўтган ҳафта давомида уларнинг баъзилари одамларда клиник синовлар бошланганини эълон қилишди. Қайси мамлакатларда қандай вакциналар синовдан ўтказилмоқда?

Ривожланишдаги вакциналар
Шу кунларда АҚШнинг бир қатор шаҳарларида коронавирусга қарши вакцинани кўнгиллиларда клиник синовдан ўтказиш бошланди.
Сан-Диегодаги Inovio тадқиқот марказининг BBC’га хабар беришича, у ердаги синовлар бир неча ой давом этади, аммо улар тўлиқ муваффақиятли кечганда ҳам оммавий мавжуд бўладиган вакцина кейинги йил ўрталаригача тайёр бўлади деб ҳисоблаш мумкин.

Жума куни Россияда «Роспотребнадзор» Covid-19’га қарши вакцинани синовдан ўтказиш бошланганини эълон қилди. Матбуот хизмати ҳисоботида вакцинани 2020 йилнинг тўртинчи чорагида жорий этиш тўғрисида айтиб ўтилган. РБК нашрининг хабар беришича, препарат дастлаб жониворларда синовдан ўтказилади.

Аввалроқ Бостондаги икки касалхонада потенциал вакцина инсон организмида синовдан ўтказилиши эълон қилинган эди. Массачусетс марказий касалхонаси дастурида уч нафар кўнгилли иштирок этмоқда, аммо баъзиларига плацебо (ранги, ҳиди, таъми ва шакли дорига ўхшаш аммо таъсир хусусиятига эга бўлмаган моддалар) берилади.

Сиэтлдаги Kaiser Permanente тадқиқот марказининг мутахассислари тўрт нафар кўнгиллиларни экспериментал дозада эмлашди, деб хабар беради Associated Press 17 март куни.

Қозон федерал университетида ҳам вакцина устида иш олиб борилмоқда / GETTY IMAGES
Хитойнинг CanSino Biologics компанияси сешанба куни ўзининг Ad5-nCoV номи остидаги вакцинаси клиник синовларнинг биринчи босқичида муваффақиятли тасдиқланганини эълон қилди. Вакцинада вируснинг генетик коди парчаси мавжуд, деб хабар беради Newsweek.

Таҳлил жараёнлари
Коронавирус таҳлили усулларини оптималлаштириш эпидемияга қарши курашнинг муҳим қисмидир. Европанинг баъзи мамлакатлари ва АҚШда тест тўпламлари етишмаслигини кузатилди.

Шу ҳафта Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Британияда кунига 25 минг одам таҳлилдан ўтказилишини ваъда қилди. Аммо чоршанба куни Британия терапевтлари уюшмаси раиси Мартин Маршалл Британияда Covid-19 тестлари дефицитига дуч келинганини тан олди.

Европанинг энг кўп авж олган минтақаларидан бири, Италиянинг шимолий қисми ҳам тўпламлар етишмаслигидан шикоят қилмоқда.

Вирус таҳлиллари ўтказишнинг янги усуллари ҳам ишлаб чиқилмоқда. Пайшанба куни янги усулнинг биринчи муваффақиятли синови ҳақида Исроил олимлари жамоаси хабар беришди. Изланувчиларнинг сўзларига кўра, ушбу молекуляр синов усули бир вақтнинг ўзида бир нечта намуналарни таҳлилдан ўтказишга қодир.

Европа ва АҚШда бирданига бир неча компаниялар шу ҳафта уйда ўтказилувчи тезкор тест тўпламларини ишлаб чиқаришди. Бироқ, Америкада лицензиялаш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Ҳозирда ҳеч бир тўплам АҚШ санитария назорати идораси томонидан лицензияланмаган.

Буюк Британия бош вазири, шунингдек, коронавирусга қарши танада ишлаб чиқариладиган антителани аниқловчи тестларни сотиб олишга ваъда берди. Ушбу тестлардан, ҳомиладорлик тестлари сингари, инсонлар мустақил фойдаланишади ва ўзларида Covid-19 мавжудлиги ёки аллақачон у билан касалланишгани шубҳасини ойдинлаштиришади.

Кореяда Covid-19’ни 10 дақиқада аниқлаш тести ишлаб чиқилди ва айни вақтда ишлаб чиқариш бошланишига тайёргарлик кўрилмоқда. Улар ҳафтасига 300 мингта тест тўпламларини экспорт қилишни режалаштиришган.

Бу жуда аҳамиятли, чунки кўп одамлар ушбу касалликни аломатларсиз ўтказиб, ташувчи сифатида вирусни олиб юришади. Илгари у билан касалланиб, тузалиш жараёнида иммунитетга эга бўлган одамлар бошқаларга юқтириш хавфисиз нормал ҳаёт тарзига қайтишлари мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Қандай вакцина ва таҳлиллар синаб кўрилмоқда?