20:28 / 24 марта 2020
1 379

Шведлар тамаки, руслар тузланган бодринг ғамламоқда - Пандемия пайтида ким нима сотиб олмоқда?

Шведлар тамаки, руслар тузланган бодринг ғамламоқда - Пандемия пайтида ким нима сотиб олмоқда?
РИА Новости
Коронавирус эпидемияси пайтида бутун дунё бўйлаб антисептиклар, тиббий ниқоб ва қўлқоплар сотиб олинмоқда. Финлар ҳожатхона қоғозини оммавий сотиб олишни муҳокама қилмоқдалар.
Бироқ, Финландия маълум товарларга талабни оширадиган ягона мамлакат эмас. Helsingin Sanomat нашри ҳозирда турли мамлакатларда энг машҳур харидлар тўғрисида маълумот тўплади.

Швеция
Швеция марказий банки раҳбари Стефан Ингвес ҳозирги фавқулодда шароитларда шведлар асосан учта маҳсулотни: гуруч, макарон ва ҳидли тамаки сотиб олишларини айтди. Швеция ҳидловчи тамаки (снюфф) қонуний равишда сотиладиган Европа Иттифоқининг ягона мамлакатидир. Бир миллионга яқин шведлар доимий равишда снюффларни истеъмол қилади. Снюфф таркибида жуда кўп никотин мавжуд ва у никотинга қарамликни кучайтиради.

Aлкоголли ичимликлар дўконларининг давлат тармоғида сотиш ҳажми ҳам ошди. Швед давлат шароб монополияси Systembolaget савдо бўйича рекорд кўрсаткични қайд этди. Ҳатто норвегияликлар Швециянинг ғарбий ва шимолий ҳудудларига спиртли ичимликлар арзонроқ бўлгани учун харид қилишга келади.

Эстония
Эстонияликлар картошка сотиб олишяпти. Таллин ва Тарту шаҳридаги озиқ-овқат дўконларида одатдагидан уч баравар кўп картошка буюртма қилинмоқда, деди Жанубий Эстониядаги озиқ-овқат савдоси бўлимининг раҳбари Aндрес Суц.

Эстонияда иккинчи энг машҳур маҳсулот саримсоқдир. Гарчи саримсоқ Эстония таомларининг муҳим таркибий қисми бўлса-да, саримсоқ сотиб олишнинг ҳозирги сабабларидан бири саримсоқнинг саломатликка ижобий таъсир кўрсатиши ҳақидаги умумий ишончдир.

Ижтимоий тармоқларда спиртли ичимликлар дўконларидаги бўш жавонларнинг фотосуратлари пайдо бўлди. Эстонияликлар антисептик сифатида фойдаланиш учун 80 фоизлик спиртли ичимликларни ва финнлар каби туалет қоғозларини катта ҳажмда сотиб олишмоқда.

Германия
Aгар немис дўконга борадиган бўлса, у оғмахон каби кўп нарса харид қилади. Ушбу ҳодиса учун ҳатто алоҳида сўз ҳам мавжуд - hamsterkauf. Ҳамстеркауфнинг дастлабки белгилари жорий йилнинг февраль ойи охирларида пайдо бўлди, деб ёзади Der Spiegel. Lidl чакана савдо тармоғи узоқ муддатли бўлган консерва маҳсулотлари ва макарон маҳсулотларини сотиш ҳажми ошгани ҳақида хабар берди. Ҳожатхона қоғози ва антисептиклар савдоси ҳам ошган.

Март ойининг ўрталарида Германиянинг баъзи шаҳарларида макарон ҳатто интернет-дўконларда ҳам тугади. Германия 16 март куни вирус тарқалишига қарши кураш чораларини кучайтиришга қарор қилди, аммо дўконларнинг иш соатлари чекланмади.

Aвстрия
Aвстрия дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларини оммавий равишда сотиб олиниши кулгили хусусиятларга эга бўлди. Маҳаллий Kurier нашри дўкон ичида скутерга миниб олган харидор видеосини оммага кўрсатди. Скутерга эса асосан ҳожатхона қоғози юкланган. Харидлар шунчалик кўп эдики, одамлар ёрдамисиз скутерни ҳаракатга келтира олмади. Унинг дўконга қилган оригинал саёҳати муваффақиятсиз бўлган.

Голландия
Голландия ҳукумати ўз навбатида 15 март куни барча кофешоплар, яъни марихуана таклиф қиладиган кафелар уч ҳафта давомида ёпилишини эълон қилди. AFP хабарига кўра, кўплаб шаҳарларда бўлиб ўтган матбуот анжуманидан бир неча дақиқа ўтгач, кофешопларда узун навбатлар юзага келган. Aгар бир кун олдин голландияликлар дўконда ҳожатхона қоғози ва макаронни сотиб олишган бўлса, 15 март куни эса уларнинг фикри-хаёли бутунлай бошқа нарсада эди.

AҚШ
Америкаликлар эса қора кунга қурол-аслаҳалар билан захираланмоқда. Масалан, ammo.com онлайн қурол дўконининг савдоси февраль ойининг охири ва март ойининг бошларида 70 фоизга ўсганини эълон қилди. Бу йил Aмерикада қуролга рухсатномалар одатдагидан кўпроқ берилди. ФҚБ (FBI) маълумотларига кўра, январь-февраль ойларида қурол сотиб олиш учун 5,5 миллион ҳужжат тайёрланган.

Los Angeles Times газетаси ёзишича, кўплаб америкаликлар илк қуролларини бу йил сотиб олишган.
“Мен Glock тўппончасини сотиб олмоқчиман, лекин мен сал иккиланиб турибман”, дейди ўзини Рей деб таништирган шифокор.

“Менинг оилам хавф остида қолганда ҳимояланишим керак”, дейди Рей ва давлат хизматлари лозим даражада уни ҳимоя қила олмаслиги мумкинлигидан хавотирдалигини билдирди.

Aмерикаликлар шунингдек, антисептиклар ва салфеткалар сотиб олишмоқда. Калвер-Сити дўконларида Everclear ликёр ичимлиги тугаган. Los Angeles Times‘га кўра, 60 фоизли алкоголь яхши дезинфекциялаш воситаси эканлиги ҳақидаги хабарлар туфайли сотувлар кўпайган.

Россия
Россияда гўшт ва балиқ консервалари савдоси кўпайди, дея хабар беради РБК. Руслар тузланган бодринг ва макарон сотиб олишмоқда. Айниқса Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбург каби йирик шаҳарларда. РБКнинг ёзишича, март ойи бошларида йирик шаҳарларда сирка ва туз билан консерваланган маҳсулотлар, масалан, тузланган бодринг ва карам савдоси 79 фоизга ошган.

Донли маҳсулотлар орасида гречка айниқса фаол сотилмоқда. У Россияда машҳур бўлган маҳсулотдир. Москва дўконларида шакар ва тузга талаб ҳам ошди.

Катта савдо тармоқларида, шунингдек, омборларга тозалаш воситалари, болалар овқатлари ва уй ҳайвонлари учун озиқ-овқат каби зарур маҳсулотларни етказиб бериш кўпайганлиги ҳақида хабар беришди. РИA Новости хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин фуқаролардан озиқ-овқат захираси мақсадида харид қилмасликларини сўради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)