10:35 / 28.04.2020
2 097

Рамзан Қодиров Чеченистонда карантин чекловлари енгиллаштирилишини маълум қилди

Рамзан Қодиров Чеченистонда карантин чекловлари енгиллаштирилишини маълум қилди
Фото: Instagram
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эпидемиологик вазият яхшиланса, карантин чекловларини босқичма-босқич олиб ташланишини билдирди. Қодиров бу ҳақда Instagram’даги саҳифасида маълум қилган.

«Йиғилиш давомида қадрли оғам, тезкор штаб раҳбари Магомед Даудовга карантин чекловларини босқичма-босқич олиб ташлашни кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма бердим», — деб ёзган Қодиров.

«Эпидемиологик вазият яхшиланса, ишчи ходимлари кам бўлган кичик бизнес субъектлари – дўконлар, техстанциялар, АЁҚШларни аста-секин очилишига рухсат берилиши мумкин», — деган Чеченистон раҳбари.
Шунингдек, Қодиров барчани «ўзини яккалаш» тартибига риоя қилиш ҳамда ўзи ва яқинларини эҳтиёт қилишга чақирган.

21 апрелда федерал ҳудуддаги тезкор штаб йиғилишида аҳоли Қодировдан сартарошхоналар очилишига рухсат беришини сўраганди. У ушбу таклифга жавобан эркакларга сочни қирдириб, кал бўлишни маслаҳат берган. Мажлисдан кейин бир неча соат ўтгач, «Грозний ТВ» телеканалида Чеченистон раҳбарининг сочини кал қилиб олдиргани видеоси намойиш қилинган.

«Барча гўзаллик салонлари ёпилган, шу сабабли аждодларимиз қилган ишни қилдим ва сочимни олдириб кал бўлдим», — деган Рамзан Қодиров.

Чеченистонда коронавирус тарқалишига қарши энг қатъий чеклов чоралари қўлланилган. 3 апрелда Чеченистон раҳбари одамлар ва транспорт воситалари қатновини соат 20:00 дан 08:00 га қадар тақиқлади, фақат махсус хизматлар ҳамда фавқулодда ҳолатлар рўй берсагина, ушбу чеклов истисно қилиниши мумкин.

Чеченистон Россия Федерациясида коронавирус туфайли ресторан, кафе ва аҳоли тўпланадиган бошқа жойларни ёпган биринчи федерал ҳудуд бўлди. 28 мартда республика ҳукумати Чеченистонда ҳаракатланишни чеклади ва пойтахт Грознийга кириш-чиқишни ёпди, эртаси куни кескин карантин чоралари кўрилиши бошланди. 29 мартдан бошлаб Чеченистон аҳолисига озиқ-овқат, дори-дармон олиш учун ёки тиббий хизматдан фойдаланишдан бошқа мақсадда уйлардан чиқиш тақиқланди.

Қодиров турли қаршиликларга қарамай, 5 апрелдан бошлаб республика маъмурий чегараларини ёпди. Эртаси куни Россия бош вазири Михаил Мишустин алоҳида федерал ҳудудларда маъмурий чегаралар ёпилишига йўл қўйиб бўлмаслигини баён этди. Ҳукумат раҳбари Владимир Путиннинг айрим ҳудудларга қўшимча ваколатлар бергани, бироқ улар вазиятга холис қараб ушбу чекловларни, асосан, марказларда қўллаши лозимлигини таъкидлаган.

Чеченистон раҳбари ушбу танқидларга жавобан бош вазирни чалғитиб қўйишганини қайд этган.

«Агар Мишустин Чеченистон Республикасини назарда тутган бўлса, англашилмовчилик бўлиб, ҳукуматга нотўғри маълумот етказилибди. Биз чегараларни ёпиш ҳақида гапирмаганмиз ва чегаралардан юк транзити транспорти, ишлаб чиқариш маҳсулотлари, медикаментлар, ускуналар олиб ўтиш бўйича қатновларни чекламаганмиз, улар логистикага салбий таъсир қилиши мумкин», — дея Telegram’даги каналида пост ёзганди Қодиров.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рамзан Қодиров Чеченистонда карантин чекловлари енгиллаштирилишини маълум қилди