09:00 / 05.05.2020
1 549

Эрдўған Туркияда чекловлар енгиллаштирилишини эълон қилди

Эрдўған Туркияда чекловлар енгиллаштирилишини эълон қилди
Фото: Anadolu agency
11 майдан Туркияда сартарошхоналар, савдо марказлари ва гўзаллик салонлари ишлай бошлайди. Кексалар ва болалар турли кунда сайрга чиқишлари мумкин бўлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған коронавирус сабабли жорий қилинган чекловлар енгиллаштирилишини эълон қилди.

Таъкидланишича, 10 май куни 65 ёшдан катталар, 13 май куни 14 ёшгача бўлган болалар, 15 май куни эса 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўсмирлар соат 11дан 15гача сайр қилишга чиқишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, бир қатор вилоятлар: Анталия, Ойдина, Малатя, Мерсин, Мугли, Хатай ва Эрзурумга кириш-чиқишга тақиқлов бекор қилинади. Шу билан бирга Эрдўған агар аҳоли мамлакатда турмуш тарзи нормаллаштирилиши режасига амал қилмаса, ҳукумат чораларни яна қатъийлаштириши мумкинлигини айтган.

Туркияда коронавирус тарқалишига қарши чоралар апрель бошидан киритила бошлаганди. Ўшанда мамлакатда 20 ёшдан кичиклар ва 65 ёшдан катталарга комендантлик соати киритилган ҳамда 31 та вилоятга, жумладан, Анқара, Истанбул ва Анталияга кириш-чиқиш тақиқлаб қўйилган. Бундан ташқари, 10 апрелдан ҳар дам олиш кунлари барча аҳоли учун икки кунлик комендантлик соати амал қилиб келган.

Айни вақтда Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 127 мингдан ошиб кетган, ундан 3425 киши вафот этган, 68 мингдан кўпроқ киши соғайган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)