12:30 / 07.06.2020
3 117

«Гуд бай, Рашша» – россиялик бойларнинг болалари нега хорижда ўқимоқда?

«Гуд бай, Рашша» – россиялик бойларнинг болалари нега хорижда ўқимоқда?
Россияда 1917 йилги давлат тўнтариши ортидан ҳокимият тепасига келган большевик-коммунистлар 70 йил давомида тинимсиз Ғарбни ёмонлаб келишди.

1991 йил СССРнинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетгунча мамлакатда таълим тизимининг барча соҳаларида «капитализмнинг чириган ботқоққа ботиб бораётгани» ҳақида ёш авлодга таълим берилди. Бундан ташқари, мамлакатдаги режимга хизмат қилувчи кўплаб сохта олимлар капитализмни ёмонлаб илмий ишлар ёзишди, диссертациялар ёқлашди, унвон олишди.

СССР парчалангач, собиқ постсовет республикаларининг аксарияти Ғарбга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди ва улар билан муносабатлар ўрнатди. Бир қарашда Россиянинг ўзи ҳам. Аммо вазиятга теранроқ ёндашилса, Россиянинг СССР тарқаб кетганидан кейин ҳам Ғарбга нисбатан муносабати кескин ўзгармагани кўзга ташланади. СССР пайтида Ғарб «чириган капитализм» (капитализм чиримаганига бутун дунё гувоҳ) деб талқин қилинса, Россияда Ғарб мамлакатларига таъриф «бир жинсли никоҳга рухсат берилган бу мамлакатда...», деб бошланадиган бўлди.

Рус сиёсатчилари Ғарбга оммавий тарзда турли айбларни тўнкар, айбловларнинг аксари Ғарб инсоният пайдо бўлганидан буён қадрланиб келаётган инсоний фазилатларни оёқ ости қилаётгани ҳақида бўларди. Россиялик сиёсатчиларнинг ташвишларини тушунса бўлади: бир жинслилар никоҳига рухсат берилиши ҳақиқатан ҳаддан ошиш ва табиат қонунларига зид иш.

Масаланинг яна бир томони шундаки, Ғарбдаги «ноинсоний анъаналар устига қурилган ҳаёт тарзи»ни аёвсиз танқид қиладиган рус сиёсатчилари ва юқори лавозимли амалдорларнинг аксари фарзандларини Ғарбга ўқишга юбормоқда. Ҳа, одамлар олдидаги чиқишларида Ғарбдаги бузуқ ҳаёт тарзини аёвсиз танқид қилаётган россияликлар фарзандларини Ғарбдаги мактабларга, олийгоҳларга жойлашмоқда.

Шу ўринда Анатолий Рибаковнинг «Арбат болалари» романи эсга тушади. Романда Сталин ҳукмронлик қилган йиллар Кремлда ишловчи юқори лавозимли амалдорларнинг болалари ҳақида ҳам ёзилган. Асар қаҳрамони ёш йигит Саша Панкратовни ноҳақдан «чет эл жосуси» сифатида айблаб қамоққа олишади. У юқори лавозимли амалдорнинг жияни бўлади.

Тоғаси жиянини қутқариш учун Сталин олдига бемалол кириб чиқа оладиган амалдорлардан бирига илтимос қилади. Сталин унга қарата ёш авлод кимга эргашяпти? Улар хориж кийимларини кияр эмиш, хориж мусиқасини ёқтирар эмиш. Йўқ, бу жамиятда тартиб ўрнатилиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши учун ўша йигит жазоланиши керак, қабилида гапиради.

Бугун Россиядаги аҳволни ўша вазиятга ўхшатса бўлади. Ота-оналар зўр бериб Ғарбни ёмонлашади, болалари эса Ғарбга интилишади, Европада ва АҚШда ўқишни, яшашни хоҳлашади. Россиялик сиёсатчилар, юқори лавозимли амалдорлар, бойлар ва шоу-бизнес вакилларининг фарзандлари билан шундай бўлмоқда.

Олигархлар ва шоу-бизнес вакилларининг болаларини тушунса бўлар, улар доим ҳам Ғарбга нафратларини намойиш қилаверишмайди. Аммо давлат сиёсатининг тарғиботчилари бўлган сиёсатчилар ва юқори лавозимли амалдорларнинг фарзандларини Ғарбга интилиши чиндан ажабланарли.

Қуйида россиялик сиёсатчилар, юқори лавозимли амалдорлар, бойлар ва шоу-бизнес вакилларидан кимларнинг фарзандлари Ғарб давлатларида яшаётгани ва ўқиётгани ҳақида маъулмотлар тақдим этилади.

Бугун россиялик аксарият ёшлар Москва давлат университети, Москва давлат халқаро алоқалар университети, Москва физика муҳандислик университети ва Олий иқтисод мактаби каби мамлакатдаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олишни орзу қилаётган бир вақтда, нуфузли сиёсатчилар, юқори лавозимли амалдорлар ва шоу-бизнес вакилларининг фарзандлари яшаш ва таълим олиш учун хорижга интилмоқда. Албатта, бунинг ажабланадиган ери йўқ. Лекин кимдир катта минбардан туриб оммага «ватанпарварлик» ва «чириган Ғарб» ҳақида ваъз айтсаю, сўнг иккиюзламачилик қилгандай бўлиб ўз фарзандларини хорижга ўқишга юборса, мана бу ғалати.

Россиялик «катталар»нинг фарзандлари нафақат ОТМ, балки мактаб давриданоқ хорижда ўқишни ва яшашни бошлашади. Табиийки, улар хорижда яшашини ота-оналари хоҳлайди. Ахир нуфузли мактаб ёки ОТМга жойлаб қўйишса, яшаш учун барча шароитларга эга квартира харид қилиб ёки ижарага олишса, буни қайси фарзанд хоҳламайди?!

2018 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида Россия коммунистик партиясидан ўз номзодини қўйган Павел Грудининнинг икки ўғли хорижда яшайди. Улардан бири Испаниянинг Салоу курорт шаҳридаги оилага тегишли қимматбаҳо уйда, иккинчиси эса Латвиянинг Марупе шаҳарчасидаги ҳашаматли уйда яшайди.

Россиялик яна бир сиёсатчи Сергей Лавровнинг қизи Екатерина Винокурова ҳали мактаб ёшидаёқ Ғарб ҳавосидан нафас ола бошлаган. У аввалига Лондон иқтисодиёт мактабида, сўнгра АҚШдаги Колумбия университетида таҳсил олган. Кўп йиллар АҚШ ва Буюк Британияда яшаган Елена сўнгги пайтларда Москвага қайтган, аммо ҳамон «бир оёғи Ғарбда».

Давлат думаси депутати Елена Мизулинанинг ўғли Николай Мизулин бугун Брюсселда хусусий ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган фирма очиб, у ерда ўз оиласи билан яшамоқда. Афтидан унда қачонлардир Россияга қайтиш нияти ҳам йўқ.

Россияда «Ғарбни энг кўп севувчи» ва нафратини ҳеч қачон яширмайдиган сиёсатчи Владимир Жириновскийнинг икки набираси Саша ва Серёжа Швейцарияда жойлашган нуфузли АҚШ мактабида (The American School In Switzerland) таълим олишади. Ушбу мактабда таълим олиш Жириновскийнинг набираларига йилига 2,9 миллион рублга тушяпти. Бу сумма бугунги курсда 40 минг доллардан ошади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи Елизавета Пескова анча йиллардан бери Францияда яшайди ва таълим олади. 2016 йилда Елизавета Пескованинг хорижда таълим олишини отаси хоҳлагани ҳақида гап-сўзлар чиққанида у «Мен аллақачон балоғатга етганман ва қаерда яшашни ва ўқишни ўзим ҳал қила оламан. Қолаверса, одамларни туғилиб ўсган юртида қолиш учун ҳаракат қилиш керак, зўравонлик билан ушлаб туриш учун эмас» деб инстаграмдаги саҳифасида ёзиб қолдирган эди.

Россиялик яна бир таниқли сиёсатчи, «Единая Россия» партияси етакчиларидан бўлган Сергей Железнякнинг бир эмас, икки эмас, нақ тўрт нафар қизи хорижда таълим олади ва яшайди. Унинг катта қизи Анастасия хорижликка турмушга чиққан. Афтидан, кичикларига ҳам хориждаги фаровон ҳаёт ёқиб қолган ва уларда ватанга қайтиш мақсади бўлмаса ҳам керак. Буни уларнинг ижтимоий тармоқларда қолдираётган фикрларидан ҳам билиш мумкин.

Европадан океан ошиб АҚШга интилаётган россиялик юқори мансабли амалдорларнинг фарзандлари олий таълим олиш учун асосан АҚШнинг шарқий соҳилларида жойлашган обрўли олийгоҳларни танламоқда. Brown University, Columbia University, Cornell University, Dartmouth College, Harvard University, the University of Pennsylvania, Princeton University, Yale University каби нуфузли университетлар россияликларни кўпроқ ўзига жалб қилади. Улар орасида айниқса Columbia University россиялик бойларнинг фарзандлари орасида машҳур.

Бу университет битирувчилари ва ўқитувчилари жами 94 марта Нобель мукофотини қўлга киритган. Ўз вақтида бу университетда АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ҳам таҳсил олганди. Бу ерда бир йиллик таълим олиш Россия рублида 3,5 миллионни ташкил этади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қизи Екатерина ана шу нуфузли универститетда ўқиган ва бўлажак умр йўлдоши Александр Винокуров билан шу ерда танишган.

Москва собиқ мэри Юрий Лужковнинг қизи Ольга АҚШдаги нуфузли New York University олийгоҳида ўқиган. Бу ерда бир йиллик таълим учун 3 миллион рубль тўлаш керак. Бугун Ольга Австрияда яшайди ва онаси миллиардер Елена Батурина очиб берган нуфузли барни бошқаради.

Хорижда таълим олган ва яшаётганлар орасида давлат Думаси депутати Вячеслав Фетисовнинг қизи Анастасия, Краснодар ўлкасининг собиқ губернатори Александр Ремезковнинг ўғли Степан Ремезков, қизи Маша, яна бир ўғли Николай, собиқ Россия болалар омбудсмани Павел Астаховнинг ўғли Антон ва яна кўплаб бошқа юқори лавозимли амалдор ва сиёсатчиларнинг фарзандлари бор. Рус ёшларининг бир қисми хорижда таълим олиб Россияга қайтиб келган, аммо маълум бўлишича, уларнинг аксариятида қўш фуқаролик бор.

Россия нашрларида ёзилишича, бугун россиялик кўплаб шоу-бизнес вакилларининг фарзандлари ҳам хорижда ўқийди ва яшайди. Масалан, Александр Малинин, Вера Брежнева, Елена Ханга ва бошқа таниқли шахсларнинг фарзандлари Ғарбда таҳсил олади.

Соня Киперман – Вера Брежневанинг қизи. 16 ёшида қизнинг ҳаётидаги ўзгаришлар юз берди. Мактабни тугатгач, Соня АҚШга яшашга кетди. «Ёшим 15да ва мен АҚШдаман. Бу қандай ажойиб», деб ёзган эди инстаграмида.

Шоу-бизнес юлдузи бўлган она қизини жуда кам кўради. Соня Россияга келмоқчи эмас, Вера Брежневада эса турли тадбирлардан ортиб қизини кўргани бориш учун вақт бўлмайди. Брежневанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қолдирган хабарларига қараганда у қизини охирги марта февраль ойида кўрган.

Устиня ва Фрол Малининлар – Александр Малининнинг фарзандлари. 2000 йилда таниқли хонанданинг учинчи хотини Эмма унга эгизак туғиб беради. Бугунги кунда Устинья Буюк Британияда, Фрол эса Германияда яшаб таҳсил олмоқда. Малининнинг иккала фарзанди ҳам келажакда Россияга қайтмоқчи эмас.

Маълумотларга кўра, Малининнинг меросхўрлари Бавариядаги мактабда бирга ўқиган, аммо ҳозир эгизаклар турли шаҳарларда яшайди.

Актриса Рената Литвинова[/b]нинг қизи Уляна Добровская анча йил Франция пойтахти Париждаги қиммат квартирада яшади. Квартирани унга онаси олиб берган. Ҳозир Уляна Бельгияга кўчиб ўтган. У ҳам Россияга қайтиш ниятида эмас ва Европада қолиб шахсий кийим-кечак брендини яратмоқчи.

Россиялик таниқли телебошловчи [b]Елена Ханги
нинг қизи Элизабет-Анна Минтусова бугун АҚШда яшайди. У Невада университетида ўқийди. Элизабет ушбу университетда бупул таълим олади. Бундан ташқари, унга стипендия ҳам тўлашади. Агар Элизабет фавқулодда истеъдодли бўлмаганда эди, телебошловчи унинг АҚШда яшаши ва ўқиши учун ҳар йили 70 минг доллар сарфлашга мажбур бўларди. Ўзининг россиялик тенгдошлари каби Элизабет Россияга қайтмоқчи эмас. Уни текинга ўқитаётган университети ҳам хоҳламаса керак.

Шу ўринда савол туғилади: демак, Европа ва Америка рус сиёсатчилари ёмонлаётгандек эмасканда? Аслида-ку бундай эмаслигини ҳамма билади, ҳатто ўша Россия сиёсатининг юзи сифатида қараладиган одамлар ҳам. Йўқса улар фарзандларини хорижга яшагани юбормаган бўлишарди. Бундан нимани англаш мумкин? Улар бугунги яшаётган ҳаётларини ўз болаларига раво кўришмаяпти. Одам боласига ёмон нарсани раво кўрмайди ахир...

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Гуд бай, Рашша» – россиялик бойларнинг болалари нега хорижда ўқимоқда?