07:27 / 08.06.2020
2 676

Самарадаги 350 нафардан ортиқ ўзбекистонлик Қозоғистон орқали ортга қайтаётгани маълум қилинди

Самарадаги 350 нафардан ортиқ ўзбекистонлик Қозоғистон орқали ортга қайтаётгани маълум қилинди
Фото: «Tvsamara.ru»
Россия—Қозоғистон чегараси ёпилиши оқибатида Россиянинг Самара вилоятида тўпланган 350 нафардан зиёд ўзбекистонлик 6 июнда ватанига жўнатилди. Бу ҳақда ҳудуд маъмурияти матбуот хизматига асосланиб, «РИА-Новости» хабар берди.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Оренбург ва Самара вилоятларида коронавирус пандемияси сабаб 300 нафарга яқин ўзбекистонликнинг қолиб кетгани маълум қилинганди.

«6 июнь куни Ўзбекистоннинг 367 нафар фуқароси Самара вилояти ҳудудидан чиқиб кетди. Улар Қозоғистон билан чегарадаги ‘Маштаковў чегара ўтказиш пунктида (Оренбург) чегарани кесиб ўтди», — дейилади агентлик хабарида.
Хабарга кўра, Қозоғистон ҳудудида ўзбекистонликларни махсус автобуслар карвони кутиб олган.

Эслатиб ўтазмиз, май ойида Россия ҳамда Қозоғистон ҳукуматлари дипломатик ваколатхоналар томонидан шакллантирилган рўйхат бўйича 280 нафар ўзбекистонликни ерусти транспорти билан Россия ҳудудидан олиб чиқишга рухсат берганди.

2020 йил 13 майда Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани, эртаси куни эса Ўзбекистон ТИВнинг чегарада тўпланган юзлаб ўзбекистонликлардан Республика махсус комиссияси қарорини кутишни сўрагани хабар қилинган. Кейинчалик Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистонга қайтиш учун чегараларнинг очилишини кутаётган ўзбекистонликлар орасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида улар учун лагер-обсерватор ташкиллаштирилгани маълум бўлди.

25 майда Самарада яна юзлаб ўзбекистонликлар тўпланди ва Ўзбекистон ТИВ вазиятга муносабат билдириб, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликни, яшаш жойларида қолишни ва карантин чораларига қатъий амал қилишни сўради.

29 майда вазирликнинг ўзбекистонликларни Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишда турли шахсларга мурожаат қилмасликка чақирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Самарадаги 350 нафардан ортиқ ўзбекистонлик Қозоғистон орқали ортга қайтаётгани маълум қилинди