23:26 / 11.06.2020
3 826

Олимлар коронавирусга қарши вакцина қачон тайёр бўлишини маълум қилишди

Олимлар коронавирусга қарши вакцина қачон тайёр бўлишини маълум қилишди
Лондондаги Қироллик Коллежининг олимлар жамоаси коронавирусга қарши вакцинани 2021 йилнинг биринчи ярмигача яратишлари мумкинлигини айтишмоқда, дея ёзди Таржумон.

Айни пайтда Буюк Британияда COVID-19 вакцинасини яратиш учун иккита олимлар жамоаси мусобақалашмоқда. Уларнинг биринчиси-Қироллик Коллежи ўзининг рақиби бўлган Оксфорд университетининг Женнер институтидан ортда қолмоқда. Женнер институти жамоаси аллақачон вакцинани одамларда синовдан ўтказишни бошлаб юборган. Агар бу синовлар муваффақиятли бўлса,улар вакцинани шу йилнинг ўзида оммага тақдим қилишмоқчи.

Қироллик Коллежи 15 июндан бошлаб ўз вакцинасини инсонларда синаб кўришни бошлаши кутилмоқда. Агар бу синовларда вакцина яхши натижа берса,у октабр ойида кенг миқёсда 6 минг кишида қайтадан текширилиб кўрилади.

Биз вакцинамизни тезкорлик билан касалхоналарга етказиб бериш учун олти ойни сарфладик. Ҳозирда вакцинамиз касалхоналардаги беморларда синовдан ўтказишга тайёр”, дейди Қироллик Коллежи жамоаси раҳбари профессор Робин Шатток.Унинг қўшимча қилишича, агар ҳозирги изланишлар яхши самара берса,Қироллик Коллежи жамоаси яратаётган вакцина 2021 йилнинг дастлабки икки чорагигача тайёр бўлади.

Шунингдек, Шатток Қироллик Коллежи ва Оксфорд Университетининг вакцина ихтиро қилишдаги рақобати фойдали эканлигини ва улар ўзаро маълумотларни алмашаётганлигини таъкидлаган.

Биз кўпинча бир-биримизга қарши курашаётгандек кўринамиз. Лекин, аслида биз яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз ва маълумотларни алмашмоқдамиз. Биз бир-биримизни мағлуб этишга ҳаракат қилмаяпмиз. Биз биргаликда ишлашга ва иложи борича тезроқ вакцинани тайёрлашга уринмоқдамиз”, дейди Шатток.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)