Оксфорд олимлари илк бор яккалик ионда квант сиқилишининг янги турини амалга оширди

Оксфорд университети физиклари яккалик ион ёрдамида квант гармоник осцилляторларининг мураккаб ҳолати бўлган тўртинчи тартибли квант сиқилишини (қуад-сқуеезинг) илк бор муваффақиятли амалга оширдилар. Ушбу ютуқ квант сенсорлари ва ҳисоблаш технологияларини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Квант сиқилиши – бу бирор катталикнинг ноаниқлигини бошқаси ҳисобига камайтириш жараёни бўлиб, у ЛИГО каби гравитацион тўлқин детекторларида кенг қўлланилади. Бунгача олимлар фақат оддий сиқилишни бошқара олган, бироқ учинчи ва тўртинчи тартибли (трисқуеезинг ва қуад-сқуеезинг) мураккаб ҳолатларни барқарорлаштириш техник қийинчиликлар туфайли имконсиз бўлиб келаётган эди.
Тадқиқот гуруҳи ионга бир вақтнинг ўзида иккита аниқ созланган кучни таъсир эттириш орқали ушбу муаммони ҳал қилди. Квант дунёсидаги нокоммутативлик тамойилига асосланган бу усул синергетик эффект ҳосил қилиб, тўртинчи тартибли сиқилишни классик усулларга қараганда 100 баробар тезроқ амалга ошириш имконини берди.
Лойиҳа раҳбари Оана Базаван таъкидлашича, мазкур тажриба шунчаки янги квант ҳолатини яратиш эмас, балки илгари эришиб бўлмайдиган квант ўзаро таъсирларини муҳандислик йўли билан бошқариш усулини намойиш этади. Бу кашфиёт келажакда янада аниқроқ квант симуляциялари ва юқори сезгир сенсорлар яратишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!