09:28 / 16.07.2020
2 954

Аё София нимаси билан муҳим ва нега тортишувларга сабаб бўлмоқда?

Аё София нимаси билан муҳим ва нега тортишувларга сабаб бўлмоқда?
Фото: AFP
Туркия давлат кенгашининг 10-палатаси Аё Софияни масжиддан музейга айлантириш тўғрисидаги Вазирлар Кенгашининг 1934 йил 24 ноябрдаги қарорини бекор қилди. Қарор қабул қилингандан сўнг президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Аё Софияни Дин ишлари қўмитасига топшириш ва уни ибодатга очишни назарда тутувчи қарорни имзолади. Қарор расмий нашрларда эълон қилинди.

Греция бу қарорни «очиқ провокация» деб атади. Рус православ черкови ҳам «миллионлаб масиҳийларнинг ташвишларига қулоқ солинмаган»ини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, Аё София ҳар доим Эрдўғаннинг баёнотлари билан кун тартибига келган ва ҳамиша қарама-қаршиликлар келтириб чиқарадиган мавзулардан бири саналади.

Христианлик эътиқодига кўра, муқаддас тузилмалардан бири ҳисобланган Аё Софиянинг мусулмонлар ибодат қилиши учун очилишини назарда турувчи баёнотлар халқаро майдонда ҳам резонансга сабаб бўляпти.

29 май куни нима бўлганди?
Аё Софияда «Фотиҳа» сурасининг ўқилиши мунозаралар қайтадан оловланишига, Грециянинг эътирозларига сабаб бўлди. Ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Аё Софияда Қуръон оятлари тиловат қилинишини «масиҳийларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш» деб баҳолади.

Туркия бу сўзларга жавобан Аё Софиянинг моҳияти ва халқаро келишувларга зид тарзда иш тутилмаганини айтди.

Грециядан сўнг АҚШ Давлат департаменти ҳам баёнот билан чиқди. АҚШ давлат департаментининг таъкидлашича, Халқаро диний эркинликлар тўғрисидаги ҳисоботнинг сўнгги янгиланган версиясида «АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари (Туркия) ҳукумат амалдорларига очиқ-ойдин ва хусусий равишда Аё Софиянинг мураккаб кўп динли тарихини сақлашни қўллаб-қувватлашларини билдиришган».

Аё София қачон қурилган?
360 йилда Византия императори Константин томонидан очилган черковнинг ёғоч томи 404 йилда ёниб кетган. Ўша пайтда биринчи марта капитал таъмирланган черков Византия императори Юстиниан I буйруғи билан қурилиш ишларидан кейин 532-537 йиллар оралиғида ҳозирги шаклини олди.

Eпископликнинг маркази бўлган ва Византия империяси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган черковнинг қурилиши учун Византия муҳандиси Милетус Исидор ва математик Траллес Антҳемия жавобгар эди. Қурилишда 10 мингдан ортиқ ишчилар иштирок этган.

Черков қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган ва ўша даврдаги Византия тарихчилари унинг дунёдаги энг катта бино эканлиги ҳақида ёзишган. Черков ичидаги мозаикалар иши эса 565-578 йиллар орасида якунланган.

Аё София 1204 йилгача бир неча зилзилалар ва ёнғинлардан омон қолди ва кўп бор қайтадан тикланди. 1204 йилда Шарққа юриш қилган салибчилар қўлига ўтган черков 1261 йилгача Рим-католик черковига айлантирилган.
1261 йилда византияликлар Истанбул ҳукмронлигини қайта қўлга киритгач, Аё Софиядан яна православ черкови сифатида фойдаланила бошланган.

Аё София қандай қилиб масжидга айланди?
1453 йил 29 майда Усмонлилар империяси султони Фотиҳ Султон Маҳмуд Истанбулни эгаллаб олган пайт Аё София яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана вазифасини ўтаган.

Истанбул Усмонлилар қўлига ўтгандан кейинги бир неча кун давомида православ черкови аъзолари Аё Софияда ибодат қилишни давом эттирдилар.
Биринчи жума намозини 1453 йил 1 июнда Истанбулда ўқиган Фотиҳ Султон Маҳмуд Аё София Усмонлилар ҳукмронлиги остидаги масжид эканини эълон қилади. Меҳроб ва минбар қурилади, қўнғироқ ва хоч олиб ташланади, мозаикаларнинг усти ёпилади.

1481 йилда биринчи минора барпо этилган. Фотиҳ Султон Меҳметдан кейин тахтга ўтирган Султон Боязид II даврида яна бир минора қурилади.
1509 йилдаги Истанбул зилзиласи натижасида биринчи минора қулаб тушади ва унинг ўрнига ғиштли минора тикланади.

Султон Салим II ҳукмронлиги даврида Мимар Синан томонидан олиб борилган реконструкция ишлари давомида яна иккита минора қурилган. Шунинг учун ҳам Аё Софиянинг турли вақтларда қурилган 4 минораси бир-биридан фарқ қилади.

Салим II қабри Аё София ичидаги илк султон қабридир. Аё Софияда султонлар, уларнинг рафиқалари ва шаҳзодаларнинг 43та қабри мавжуд. Улар орасида Султон Мурод III, Султон Маҳмуд III, Сафия Султон ва Нурбону Султон ҳам бор.

Аё София 1616 йил Султон Аҳмад масжиди қурилгунга қадар Усмонлилар давлатининг энг катта ва энг муҳим масжиди саналган.
1739 йилда масжидга мадраса, кутубхона ва ошхона қўшимча қилинган. Аё София 1847-1849 йиллар таъмирлаш учун ёпилган. Масжид сифатида эса энг охирги марта 1849 йилда очилган.

Республика даврида нималар ўзгарди?
1923 йилда республика эълон қилинганидан кейин масжид сифатида фойдаланилган Аё София 1931 йилда ёпилган.
1931 йилда Америкадаги Византия институти асосчиси, америкалик археолог Томас Уиттемор Аё Софияда мозаикаларнинг қайта тикланиши учун Туркиянинг янги ҳукуматидан рухсат сўрайди.

Президент Мустафо Камол Отатуркнинг рухсати билан бошланган ишлар 15 йил давом этган ва 1947 йилда якунланган.
Таъмирлаш ишлари бошланганидан сўнг бир мунча вақт ўтгач ёпилган Аё Софияни 1934 йил 24 ноябрда Вазирлар Кенгаши қарори билан музей сифатида очишга қарор қилишган.

Аё София музейи 1935 йил 1 февралда ташриф буюрувчилар учун очилади. Музей 1996 йилда Жаҳон ёдгорликларини томоша қилиш рўйхатига киритилган. Обиданинг гумбази ва миноралари Жаҳон ёдгорликлари жамғармаси кўмаги билан 1997-2002 йилларда реконструция қилинган.

Музей UNESCO жаҳон мероси рўйхатига ҳам киритилган. Вақти-вақти билан турли бўлимларда бошланган тиклаш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Ҳар йили кўплаб сайёҳлар томонидан зиёрат қилинадиган мазкур тарихий бино 2015 йилда 3 миллион 425 минг зиёратчини жалб қилиши ортидан Туркиянинг энг кўп ташриф буюриладиган музейи бўлди. 2017 йилда бу рақам 1 миллион 892 мингга тушди.

Аё София нега тортишувларга сабаб бўлмоқда?

Аё София ҳақидаги баҳслар 2000-йилларнинг бошларидан бери давом этмоқда.
Аё София музейининг расмий веб-сайтида берилган 1936 йилги рўйхатга олиш китобига кўра, «Аё София 57 қисм, 57 орол ва 7-чи участкада Фотиҳ Султон Маҳмуд вақфи номидаги мақбара, акарет, ҳужра ва мадрасадан ташкил топган Аё Софияи Кабир масжиди шариф» экани айтилади.

Музей масжидга айлантирилишини талаб қилганлар ушбу ҳужжатга асосланишади. Бироқ Аё София, баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда, ибодат қилиш учун очиқ эмас.

Аё Софияда қандай диний маросимлар ўтказилган?

1967 йил 5 июлда Истанбулга ташриф буюрган католик христианлари раҳбари Папа Паул VI Аё Софияга бориб ибодат қилган.
Ушбу воқеанинг эртасига Миллий турк талабалар уюшмаси раҳбарлари ҳам бунга жавобан Аё София музейида намоз ўқишган. Мана шу ҳодисадан сўнг Аё Софиянинг мақоми билан боғлиқ биринчи жиддий мунозара юзага келган.

Тахминан 25 йил ўтгач, 1991 йил Маҳмуд I ҳукмронлиги даврида Аё Софиянинг асосий биноси ташқарисида султонларнинг дам олиши ва таҳорат олиши учун қурилган Ҳункар павильони ибодат учун очилди. Шунингдек, 2016 йил октябрь ойида бу ерга имом ҳам тайинланди. Ҳункар павильонида байрам намози ва беш вақт намоз ўқилади ва азон чақирилади.

1967 йилда Рим папасининг сўнгги ташрифидан бир неча йил ўтгач, 2014 йил ноябрь ойида Рим папаси Франциск Истанбулга ташрифи давомида Аё Софияни зиёрат қилади ва музей директоридан реставрация ишлари тўғрисида маълумот олади.

Ҳункар павильонига имом тайинланишидан олдин, 2005 йилда Узвий вақфлар, тарихий асарлар ва атроф-муҳитга хизмат кўрсатиш уюшмаси 1934 йилги Вазирлар Кенгашининг қарорини бекор қилиш ва ижрони тўхтатиш талаби билан давлат кенгашига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Давлат кенгаши эса бу талабни рад этди.

2006 йилда христиан ва мусулмон музей ходимлари учун ибодат хонаси очилди.
2017 йил 13 май куни Анадолу ёшлар уюшмаси томонидан ташкил этилган гуруҳ Аё София олдида бомдод намозини ўқиди.

2017 йил 21 июнь куни Диний ишлар бошқармаси Аё Софияда Қадр кечаси дастурини ташкил этди. Дастур ТРТ давлат канали орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Ниҳоят, 2018 йил март ойида Аё София музейида Едитепе Биенналесининг очилиш маросимида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг нутқидан олдин Қуръон ўқилди.

Сўнгги воқеалар православ дунёсида реакция билан кутиб олинди, Узвий вақфлар, тарихий асарлар ва атроф-муҳитга хизмат кўрсатиш уюшмаси яна Аё Софияни ибодат қилиш учун очишни талаб қилди.

2018 йил октябрь ойида конституциявий суд уюшманинг талабини рад этди.

Эрдўған Аё София ҳақида ҳозиргача нималар деган?

Президент Эрдўған 2013 йилда, яъни Истанбул забт этилишининг 560 йиллигида баъзи консерватив фуқаролик жамияти ташкилотларининг «Истанбул фатҳининг имзоси бўлган Аё София яна ибодат учун очилсин» деган чақириқларига жавобан бу «ўйин» эканлигини айтиб, нимани қачон қилишни яхши билишини таъкидлаганди.

Ўша пайтда бош вазир бўлган Эрдўған «партиясининг Қизилжаҳамамдаги лагерида депутатларнинг мавзу юзасидан берган саволларига «Султонаҳмет бўм-бўш. Агар Султанаҳмет тўлса, Аё Софияни кун тартибига қўйишимиз мумкин», деб жавоб берганди.

Эрдўған Аё София масаласини ўтган йилнинг 31 мартида бўлиб ўтган маҳаллий сайловлардан олдин ҳам бир неча бор кўтарган эди.

Илк бор 2019 йил 16 мартида Текирдағдаги митингда бир фуқаронинг Аё Софияни масжидига айлантириш даъватига жавобан Эрдўған «Биз Буюк Чамлижа масжидини қурдик. Шу қадар каттаки, 4-5та Аё Софияга етгулик. Нафақат Анадолу ёқаси, балки Истанбул ва Туркиянинг энг катта масжиди. Гап бунда эмас, бу ишнинг сиёсий кўлами, сиёсий тарафи бор. Ён томондаги Султанаҳметни тўлдиролмаймиз-да, Аё Софияни тўлдирайликми... Келинг, бу ўйинларга кирмайлик, бу уйғун йўл эмас. Биз қачон нимани қандай қилинишини жуда яхши биламиз. Бу номуссизлар шундай деди деб, қадам ташламаймиз», деганди. Ушбу очиқламадан бир ҳафта ўтиб эса 31 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловлардан кейин бу масалада қадам ташлашлари мумкинлигини айтганди.

«Бу жойнинг номини музей деб аташ жуда катта хато эди. Биз ҳам бундай талаб жуда қизғин бўлганлиги сабабли, қадам ташлаш вақти келди», деганди Эрдўған.

Аё София билан боғлиқ янги ҳуқуқий тартибнинг ўрнатилиши 2013 йилда кун тартибига чиқди. Ўша йилнинг октябрь ойида даврий Миллатчи ҳаракат партиясининг аъзоси Юсуф Ҳалачўғли, парламентга Аё Софияни масжид сифатида қайтадан ибодатга очилишини кўзда тутувчи қонун таклифини тақдим этди. Асос сифатида эса 1934 йилги Вазирлар Кенгашининг Аё Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги қарори расмий газетада эълон қилинмаганини ва у мулк кадастрида масжид сифатида қайд этилганини кўрсатди.

Ҳалачўғлининг таклифи 2013 йил 15 ноябрдан бери Миллий таълим, маданият, ёшлар ва спорт комиссиясида. Комиссия томонидан ҳануз қарор қабул қилинмагани сабабли, у умумий мажлисга юборилмаган.

Ким қандай муносабат билдирмоқда?
Католик черкови раҳбари, Рим папаси Франциск Аё Софиянинг мақомини ўзгартириш ҳақида муносабат билдирди. «Мен Аё Софиядан хавотирдаман ва жуда қаттиқ оғриқ ҳис қиляпман», деди у.

Бутунжаҳон черковлар иттифоқи ушбу қарор турли динларга мансуб инсонларни мулоқот ва ҳамкорлик столи атрофида бирлаштиришга қаратилган барча ҳаракатларга зиён келтирганини қайд этди.

Италия католик черковининг газетаси Avvenire эса «Яра янгиланди» деган сарлавҳани қўллади.
Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича юқори вакили Хосеп Боррелл қарор «афсус чектирувчи» эканлигини таъкидлади.

АҚШ Давлат департаменти бу қарордан «ҳафсаласи пир бўлганини» айтди.
АҚШнинг собиқ вице-президенти ва ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловларида демократлар номзоди Жо Байден ҳам ушбу қарордан чуқур афсусда эканлигини билдирди ва Эрдўғанни ушбу қарорни бекор қилишга чақирди.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Аё София нимаси билан муҳим ва нега тортишувларга сабаб бўлмоқда?