23:55 / 17.07.2020
2 010

Елизавета II 100 ёшли ветеранга рицарлик мақомини берди

Елизавета II 100 ёшли ветеранга рицарлик мақомини берди
Фото: REUTERS
Британия қироличаси Елизавета II уруш ветерани, 100 ёшли Том Мурга рицарлик мақомини берди. Мур Британия Миллий соғлиқни сақлаш тизими (NHS) учун 32 млн фунт-стерлинг миқдорида хайрия маблағини йиғишга муваффақ бўлган.

Рицарлик мақомини бериш тантанаси Виндзор саройида, очиқ осмон остида ижтимоий масофаланиш қоидасига амал қилган ҳолда бўлиб ўтди.
Букингем саройидан хабар беришларича, бундай форматдаги рицарлик маросими тарихда илк бор ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг март ойида ҳали 99 ёшда бўлган Том Мур NHS учун ўзига хос хайрия акциясини эълон қилган эди. Акцияга кўра, қария 100 ёшини қарши оладиган кунига қадар уйининг олдидаги боғни 100 марта айланиб чиқишни ваъда берди. Бунинг учун у яқинда тос бўғинида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин соғлигини тиклаши ва суянчиқ ёрдамида ҳаракатланиши керак эди.

Ветеран дастлаб 1000 фунт-стерлинг жамғаришни кўзлаган бўлса-да, хайрия акцияси кенг оммалашиб кетгани натижасида қарийб 32 млн фунт-стерлинг жамланди.

«Ҳаётимда бунақаси бўлишини ҳеч қачон хаёлимга келтирмаган эдим. Бу мен учун шараф», деб ёзган Мур твиттер саҳифасида.
Ветеран эндиликда автобиографик китобини ёзишни режалаштирмоқда – китоб сотувидан тушган пуллар унинг номидаги Капитан Том хайрия жамғармасига ўтказилади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Елизавета II 100 ёшли ветеранга рицарлик мақомини берди