09:41 / 19.07.2020
2 360

Рамзон Қодиров Зеленскийдан узр сўрашни талаб қилди

Рамзон Қодиров Зеленскийдан узр сўрашни талаб қилди
Фото: Reuters
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Украина президенти Владимир Зеленскийдан илгари сўраган узрини тасдиқлашни талаб қилди. У бу борадаги баёнотини ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.

"Бир пайтлар Зеленскийни ўз айбини тан олиб, кечирим сўраган инсон сифатида билардим. Бу эркаклик бўлганди. Аммо нима учун ҳозир, узри қабул бўлганидан кейин ўзини кўкка кўтариш учун ҳар муқомга тушяпти? Энди, Украина президентлиги ваколатини олгач, ҳар сафар узрнинг янги талқинларини ўйлаб топяпсиз. Сиз ўз позициянгизни қатъий белгилаб олишингиз ва узрларингизни тасдиқлашингизга тўғри келади. Агар йўқ бўлса, унда менинг олдимда жавоб беришингизга тўғри келади", — деди Қодиров.

У шунингдек, Зеленскийнинг бир неча йил аввал Дмитрий Гордонга берган интервьюсидан парча келтирди. Унда Украина раҳбари "ЧистоNews" дастуридаги видеолавҳалардан бирига Қодировнинг йиғлаётгани акс этган кадрлар тушиб қолганини айтади. Унинг сўзларига кўра, шундан кейин унга қўнғироқ қилишади ва бу ҳақда нима деб ўйлашини, бу ҳолат мусулмон оламида нотўғри қабул қилиниши мумкинлигини айтишади. Зеленский агар бу ролик мусулмон дунёси вакиллари нафсониятига теккан бўлса, қўл остидагилар учун кечирим сўрашини айтади.

Қодиров ўз мурожаатида шунингдек, Зеленский сайловолди ваъдаларини бажармагани, Донбассдаги низони тугатишга ваъда берганига қарамай, у ҳали ҳам давом этаётганини айтган.

"Эркак бўлинг, ҳамиша сўзингизда туринг", — деган Чеченистон президенти Владимир Зеленскийга.

2019 йил сентябрда Украина ОАВда Зеленский 2014 йил кузида мамлакат ИИВ орқали Қодировдан узр сўрашга урингани ҳақида мақола чоп этилган. У бу борада ёрдам сўраб ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Евдокимовга мурожаат қилган. Вазирлик Зеленскийга Чеченистон ички ишлар вазирининг ўринбосари ва вазири билан учрашув ташкил этишга ёрдам берган.

Қодиров билан ҳам учрашув бўлиши кўзда тутилган, аммо Зеленский боришдан бош тортгач, Чеченистонга Евдокимовнинг қўл остидаги ходими Юрий Ериняк йўл олган. У Украинага қайтиб келганидан сўнг Киевда Зеленскийнинг автомобили ёниб кетган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)