13:53 / 01.09.2020
1 488

Индонезия олимлари коронавируснинг мутацияга учраган штаммини аниқлади

Индонезия олимлари коронавируснинг мутацияга учраган штаммини аниқлади
Фото: Reuters
Индонезия олимлари мамлакатда коронавируснинг илмий доирада D614G деб ном олган мутацияга учраган штаммини аниқлади. Бу ҳақда 31 август куни The Star газетаси хабар берди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, тури ўзгарган ушбу вирус билан мамлакатда инфекцияга чалинганларнинг 40 фоизи касалланган», — деб таъкидлаган Жакартада жойлашган Эйкман номидаги Молекуляр биология институти раҳбари Амин Соебандрио. Шу билан бирга, аниқроқ хулосага келиш учун қўшимча тадқиқотлар олиб борилаётганини билдирган.

Олим D614G мутациясида вирус юқишини эслатиб ўтган, лекин бу инфекциянинг оғирроқ ўтишини исботловчи илмий далиллар йўқлигини ҳам қайд этган.

ЖССТ вакиллар мутация февраль ойидаёқ, хусусан, Европа, Мексика, Бразилияда, шунингдек, Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқалган вируснинг дастлабки намуналаридаёқ аниқлагани ҳақида аввалроқ хабар берганди. Бундан ташқари икки ҳафта аввал Филиппинда ҳам ўзгарган штамм борлиги тасдиқланган.

Айни пайтда Индонезияда 172 минг кишида коронавирус қайд этилган, уларнинг 7,3 минг нафардан ортиғи касалликдан вафот этган. Сўнгги бир неча кунда мамлакатда инфекцияга чалинганлар бўйича кунлик рекорд янгиланмоқда.

Аввалроқ АҚШ бош инфекционисти коронавируснинг хавфли мутациясидан огоҳлантирганди. Ҳиндистонлик шифокорлар ҳам янги турдаги коронавируснинг 10 та мутациясини аниқлаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)