10:44 / 02.09.2020
1 997

Тихановская Қрим масаласида қандай фикрда эканлигини маълум қилди

Тихановская Қрим масаласида қандай фикрда эканлигини маълум қилди
Фото: «ТАСС»
Беларусдаги президентлик сайловларида мухолифат номзоди сифатида иштирок этган Светлана Тихановская Қрим яриморолининг Украина ёки Россиянинг бир қисми эканлиги борасида берилган баҳсли саволга аниқ жавоб бера олмаслигини айтди, лекин ушбу масала Беларусь жамиятининг иккига бўлиниб қолишига сабаб бўлишини истамаслигини билдирди. У бу ҳақда LRT телерадиоканалига интервью берган.

Тихановскаянинг қайд этишича, Беларусь жамиятида мазкур масала юзасидан турли фикрлар мавжуд.

«Президентликка даъвогар ҳамда сайловларда номзод бўлган вақтимда бу борадаги ўз позициямни айтганман, яъни Қрим де-юре Украинаники экани, де-факто эса Россияга тегишлилигини билдирганман. Биз халқаро қонунлар борлиги Қрим бошқа давлат ихтиёрига ушбу ҳужжатларга зид равишда ўтиб кетганини тушунамиз. Лекин олдимизда Беларусдаги вазиятни ҳал этиш масаласи турибди, халқимизни бу кўпроқ ташвишга солади, янги ва ҳалол сайловлар ўтказилиши зарур. Қримдаги вазият ҳам мураккаб, беларусларда ҳам мазкур масалада фикрлар турлича, биз ушбу ҳолатга турлича қарашлар сабаб бўлинишни истамаймиз», — деган Тихановская Литва телевидениесидаги дастурда.

Сайловларга қадар Тихановская журналистлар билан мулоқотда Қримнинг қайси давлатга тегишли экани борасидаги саволларга жавоб бермасликни маъқул кўрарди.

«Келинг, бу ҳақда мамлакатимизда кўпчилик қабул қилганидек фикр билдираман, Қрим халқаро қонунлар бўйича юридик жиҳатдан Украинага, ҳаётда эса Россияга тегишли. Бу ҳақда яна савол бериб мени қийнаманг, илтимос!», — деган эди Тихановская 29 июлда.

Минск ва Александр Лукашенко юридик жиҳатдан Қримнинг Россия таркибига кирганини тан олмаган. Шунга қарамай, Лукашенко 2014 йилдаги воқеалардан кейин Қримнинг де-факто Россиянинг бир қисмига айланганини бир неча бор таъкидлаган.

«Россиянинг хоҳишига қарши чиқа оладиган куч йўқ. Ҳудуд Россия ихтиёрига ўтган, улар шундай деб ҳисоблайди ёки шу ҳақда ўйлайди. Ишонинг, мен нима деяётганимни яхши биламан. Россия ўзи Қримдан воз кечиши учун қандай шароитда бўлиши кераклигини тасаввур ҳам қила олмайман», — деган Лукашенко Қримнинг Украина ихтиёрига қайтиши хусусида берилган саволга жавобан.

У Донбасснинг Киев бошқарувига қайтиши кераклигини ҳам таъкидлаган.
«Урушни тўхтатиш ҳамда ушбу ҳудудни Украинага қайтариш юзасидан ҳар қандай чораларни амалга ошириш лозим», — дея қайд этган Лукашенко украиналик журналистлар билан суҳбатда.

Беларусда 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг натижаларига нисбатан норозилик намойишлари давом этаётганига уч ҳафтадан ошди. Беларусь МСК маълумотига кўра Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз билан сайловларда ғолиб чиққан, мухолифат вакили Светлана Тихановская эса 10,1 фоиз овоз олган. Мухолифат расмий натижаларни тан олмаган ва амалдаги президент Лукашенконинг истеъфога чиқарилиши ва сайловларнинг қайтадан ўтказилишини талаб қилмоқда.

Тихановская 14 августда Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилганини эълон қилган. У кенгашга ҳукумат ва норозилик намойиши ўтказаётган халқ ўртасидаги низонинг ҳал этилишини истаган барча бирлашмаларнинг вакиллари кириши мумкинлигини гапирган.

Лукашенко кенгашнинг тузилганига муносабат билдириб, буни ҳукуматни ноқонуний йўл билан эгаллашга уриниш деб атаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)