13:13 / 03.09.2020
514

Трамп уч ой ичида овоз бериш бўйича Байден билан орасидаги фарқни 7 фоизгача қисқартирди

Трамп уч ой ичида овоз бериш бўйича Байден билан орасидаги фарқни 7 фоизгача қисқартирди
Фото: USA news posts
АҚШ президенти Дональд Трамп уч ой ичида сайловлардаги асосий рақобатчиси Жо Байден билан орадаги фарқни 5 фоизга қисқартириб, ҳозирда ундан 7 фоизга ортда қолмоқда. Бу ҳақда USA Today нашри Бостондаги Саффолк университети билан ўтказилган қўшма сўровноманинг натижаларига таяниб хабар қилган.

Сўровнома натижаларига кўра респондентларнинг 50 фоиз қисми айни вақтда Байден учун овоз беришга тайёр, Трамп учун эса иштирокчиларнинг 43 фоизи овоз бериши мумкинлигини айтган. Қолган 7 фоиз қатнашчи президентлик сайловлари вақтида кимга овоз беришлари борасида бир тўхтамга келмаганлигини билдирган.

Июнь бошида демократлар етакчиси амалдаги президентдан 12 фоизга олдинлаб кетганди. Сўровнома иштирокчиларининг ҳар учтадан биттаси Байден мақбул номзод бўлгани учун эмас, балки Трампни президентлик курсисида кўришни истамагани учун шундай жавоб берган. Трамп тарафдорлари орасида Байденни ҳукуматда кўришни истамайдиганлар 11 фоизни ташкил қилади.

Бундан ташқари ҳар тўртинчи респондент ўзи овоз берган номзод якунда ғолиб чиқмаса, сайлов натижаларидан норози бўлиши ва уларни адолатсиз ўтган сайловлар деб ҳисоблаб, жараён қайтадан ўтказилишини талаб қилишини айтган.

Сўровномада қатнашган ва Трампни қўллаб-қувватлаётганларнинг 80 фоиздан кўпроқ қисми почта орқали овоз беришда натижалар қалбакилаштирилиши мумкинлигини билдирган, демократларни танлаганларнинг учдан бир қисми ҳам шундай фикрда эканини қайд этган.

АҚШда президентлик сайловлари 2020 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтади.

Республикачилар партияси 24 август куни президентлик ва вице-президентликка номзод сифатида Дональд Трамп ва Майкл Пенсни кўрсатган. Демократлар партияси эса АҚШ президенти сифатида Жо Байден, вице-президент сифатида Калифорния сенатори Камала Харрис номзодини илгари сурган.

Сўровнома 28—31 август кунлари минг нафар вояга етган америкаликлар ўртасида телефон орқали савол-жавоб қилиш йўли билан ўтказилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)