07:00 / 11.09.2020
1 065

Германия аҳолиси коронавирусдан кўра Трампдан кўпроқ қўрқишларини айтишди

Германия аҳолиси коронавирусдан кўра Трампдан кўпроқ қўрқишларини айтишди
Фото: Reuters
Германия аҳолисининг АҚШ президенти Дональд Трамп сиёсати дунёни яшаш учун хавфлироқ қилиши мумкинлигидан хавотири коронавирус олдидаги хавотиридан жиддийроқ бўлиб чиқди. Бундан Германиянинг R+V Insurance Group суғурта компанияси ўтказувчи ҳар йиллик сўровнома натижалари дарак бермоқда.

“Немислар нимадан қўрқадилар?” деб номланган рейтинг 1992 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда суғурта компанияси охирги йилда юз берган ва Германия аҳолисида энг кўп хавотир уйғотган ҳодисалар ва фактлар тўплайди. Рейтинг жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида тузилади. Жорий сўровнома июнь ва июль ойларида ўтказилган ва унда 2400га яқин германиялик иштирок этган.

Сўровнома натижаларининг кўрсатишича, Германия аҳолисини энг кўп Дональд Трамп сиёсати хавотирлантиради: бундай фикрни 53 фоиз респондентлар билдирган. Гейдельберг университети сиёсатшуноси Манфред Шмидт бу кўрсаткичга изоҳ бериб, бундай натижа тўлиқ асосга эга эканини айтган. “Трамп ўзининг ташқи сиёсати билан мунтазам жиддий халқаро мураккабликларни келтириб чиқаради. Бу АҚШнинг Хитой билан савдо урушида ҳамда иттифоқдош давлатлар, жумладан Германияга нисбатан савдо ва хавфсизлик масалаларидаги ҳамлаларида айниқса сезилади. Шунингдек, буни АҚШнинг халқаро ҳамкорликдан бош тортиши ва Эрон билан қарама-қаршиликка боришида кўриш мумкин”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Немисларни хавотирлантирувчи ҳодисалар орасида 2-ўринни яшашнинг қимматлашиб кетаётгани (51 фоиз), 3-ўринни Европа иттифоқининг қарз инқирози сабабли солиқ тўловчилар гарданига тушаётган юк (49 фоиз), 4-ўринни иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви (48 фоиз) эгаллаган. Бундан ташқари, германияликларни табиий офатлар, экстремал об-ҳаво (44 фоиз), хорижликлар келиши ортидаги таранглик (43 фоиз), қочқинлар сабабли давлатга зўриқиш тушиши (43 фоиз) хавотирлантиради. Шу билан бирга, коронавирусга чалиниш қўрқуви Германия аҳолисининг 32 фоизинигина хавотирлантирар экан. Бу хавотир умумий рейтингда 17-ўринни эгаллаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)