21:33 / 22.11.2020
3 049

«Аскарлар жанг майдонини ташлаб қочган» – арман генерали Қорабоғдаги урушда Арманистоннинг хатоларини санади

«Аскарлар жанг майдонини ташлаб қочган» – арман генерали Қорабоғдаги урушда Арманистоннинг хатоларини санади
17 ноябрь куни Еревандаги ҳарбийлар қабристонида Тоғли Қорабоғда ҳалок бўлганларнинг дафн маросими ўтказилди ​​​​​​/ ​РЮМИН АЛЕКСАНДР/TASS
18 ноябрь куни Арманистон қуролли кучлари қўмондонларидан бири, армия генерал-полковниги Мовсес Акопян Арманистон мудофаа вазирлигининг назорат хизмати раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Шундан сўнг у 19 ноябрь куни ОАВ учун матбуот анжумани ўтказди. Бир ярим соат давом этган матбуот анжуманида генерал Тоғли Қорабоғ учун Озарбойжон билан ўтказилган урушда Пашинян йўл қўйган хатолар ва яна бошқа тафсилотларни гапириб берди.

Мовсес Акопян Пашинян бошлиқ мамлакат раҳбариятини ҳарбий харидлар ҳақида ёлғон маълумотлар беришда, уруш даврида стратегия ҳамда тактикада қўпол хатоларга йўл қўйганликда ва яна бир қатор ишларда айблаган. Бундан ташқари, у уруш даврида ҳақиқий ҳолат аслида қандай бўлгани ҳақида гапирган.

Генерал Пашиняннинг рафиқаси Анна Акопян билан содир бўлган ҳодиса ва ўзининг Қорабоғга киришини тақиқлашгани ҳақида ҳам сўзлаб берган. Генерал-полковник Мовсес Акопян 18 ноябрь куни Арманистон мудофаа вазирлигининг назорат хизмати раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Аввалроқ у мамлакат бош штаби бошлиғи ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси армияси қўмондони лавозимларида ишлаган.

19 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Мовсес Акопян Арманистон қуролли кучлари ахборот маркази бутун уруш давомида ёлғон ва асосга эга бўлмаган ахборот ва материаллар тарқатганини таъкидлаган: «Ёлғон ҳақиқатнинг 30 фоизидан ошмаслиги керак, аммо бизнинг ёлғонимиз 100 фоиздан ошди», деган генерал.

Арманистон қуролли кучлари ахборот марказини ёлғон ахборотлар ва маълумотлар тарқатишда нафақат Акопян, балки бошқа кўплаб ҳарбийлар, ОАВ ҳам айблаб чиқишган.

Уруш тугагач, ҳукумат уруш ҳаракатлари давом этаётган пайтда душманни чалғитиш учун ёлғон ахборот тарқатиш зарур бўлганини маълум қилган эди. Акопянга кўра, бу ҳеч қандай наф бермаган ва воқеалар ривожида Арманистоннинг мағлубиятга учрагани буни исботлаб турибди.

Генерал мағлубиятнинг асосий сабаби сифатида армияни бошқаришдаги хатоларни айтган. Масалан, у бош штаб раҳбари сифатида ўзининг ўрнига келган генерал-лейтенант Артак Давтянни ҳам кескин танқид қилган. Акопян Давтянни армияни пароканда қилишда айблаб, уни «ўз ўрнига муносиб бўлмаган генерал» деб атаган. Артак Давтян Акопяннинг айбловларига ҳали жавоб бермади. Яна бир хато сифатида Акопян махфий буйруқ билан бешта полк қисқартирилганини келтирган.

Акопян ҳукумат томонидан ҳарбий харидлар нотўғри амалга оширилганини танқид қилган. Унинг фикрича, «Оса АК» зенит-ракета тизимларини сотиб олиш хато бўлган. Акопяннинг айтишича, бу ракета тизими уруш давомида Озарбойжоннинг битта ҳам дронини уриб тушира олмаган. Генерал Арманистон «Оса АК» ракета тизимидан кўра, Россиянинг янги «Тор» ракета тизимини сотиб олиши керак эди деб ҳисоблайди.

Акопян назарда тутган «Оса АК» ракета тизими уруш бошланишидан анча аввал Иорданиядан сотиб олинган ва бу иш ўша пайтда Арманистонда келишмовчилик келтириб чиқарган эди. Ҳарбийлар Иорданиядан харид қилинган бу ракета тизимининг муваффақиятли ишлашига у сотиб олинган пайтдаёқ шубҳа билдиришган. Ўшанда кўпчилик Россиядан янги ракета тизими сотиб олиш имконияти бор бўлган ҳолатда «иккинчи қўл»дан эски ракета тизими сотиб олинганига эътироз билдирган ва бу ишда коррупция аломатлари бўлиши мумкин деган шубҳаларни билдирган.

Шунингдек, Акопян Россиядан янги Су-30 СМ қирувчи самолётлар сотиб олинишини танқид қилган ва ўз пайтида бу битимга қарши чиққанини билдирган. Акопянга кўра, Арманистон Су-30 СМ қирувчилардан Озарбойжонга қарши урушда фойдалана олмади, чунки улар учун ракеталар йўқ эди – Россия унга ўрнатиладиган ракеталарни сотишни аллақачон тақиқлаган.

Кўплаб таҳлилчилар эса, Акопяннинг фикрига қўшилмайди: уларга кўра, Россия Су-30 СМ қирувчилари фойдаланадиган ракеталар экспортига тақиқ қўймаган.

Арманистоннинг Қорабоғдаги мағлубияти Ереванда кучли норозиликларга сабаб бўлди
Бундан ташқари, Акопян Арманистон қуролли кучларига тегишли захира қўшинларини сафарбар қилиш билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳақида гапирган. Унинг айтишича, Пашинян буйруғи билан Қорабоғга захира қўшинларини жўнатиш тўхтатилган ва фронтга асосан етарлича ҳарбий маҳорати бўлмаган кўнгиллилар жўнатилган.

Акопяннинг сўзларига кўра, уруш бошланганининг бешинчи кунидаёқ Қорабоғда жанг қилаётган Арманистон ҳарбийларидан 1 500 нафари жанг майдонини ташлаб, қочиб кетган. Генералнинг таъкидлашича, қочоқларнинг барчасини тутиб олиб, Қорабоғда тўплашган ва фронтда бўлаётган ҳақиқий ҳолатни гапириб ҳарбийлар ҳамда аҳоли орасида ваҳима кўтармасин деб, уларга Арманистонга қайтишга рухсат берилмаган.

Арманистон армиясидаги қочқинлик муаммоси Россиянинг «Новая газета» томонидан 7 октябрда эълон қилинган мақолада ҳам ёритилган эди. Ўшанда газета мухбири суҳбатлашган арманистонлик қочқин фронтдан қочганини гапириб берган. «Новая газета»да эълон қилинган мақола ўша пайтда (октябр ойининг бошларида) озарлар устидан ғалаба қозонишга ишониб ўтирган оддий арманистонликлар ва уларни ёлғон маълумотлар билан алдаб ўтирган Арманистон расмийлари томонидан ғазаб билан кутиб олинган.

Ўша мақола эълон қилингач, Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги газета мухбири Илья Азарни аккредитациядан маҳрум қилади. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари эса нашр таҳририятидан мақолани олиб ташлашни талаб қилишади. Акопяннинг гапларидан сўнг маълум бўлдики, ўшанда «Новая газета» фронтдан қочаётган арман ҳарбийлари ҳақида нотўғри маълумотларни ёзмаган ва ҳолат газетада тасвирланганидан ҳам бадтар бўлган.

Туркларнинг Bayraktar TB2 русумли дронлари замонавий урушда бу қурилманинг аҳамиятини кўрсатиб берди
Генерал Акопян уруш пайтида Пашиняннинг рафиқаси билан содир бўлган ҳодиса ҳақида ҳам гапирган. Акопяннинг маълум қилишича, у Пашиняннинг рафиқаси журналист Анна Акопяндан Қорабоғдаги қўмондонлик пунктини тарк этишини сўраган. Генерал буни озарлар билан бўлиб ўтаётган жангларда мағлубиятга учраётган арман зобитлари бир-бирлари билан жанжаллашиб, сўкинганини Анна кўрмасин деб шундай қилгани билан изоҳлаган.

Генералнинг сўровига Пашиняннинг рафиқаси рози бўлган ва Ереванга жўнаб кетган. Аммо шундан сўнг, генерал Акопяннинг ўзини ҳам Ереванга чақиришади ва у ерда Мудофаа вазири Пашиняннинг буйруғи билан уни Қорабоғга қайтишини тақиқлайди. Генералнинг айтишича, у Пашинянга ўзини Қорабоғга қайтариб юборишни илтимос қилиб смс хабар ёзган, аммо бош вазир унинг хабарини ўқимаган.

Генерал Акопян Россия ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирар экан, россияликлар Арманистон олдидаги барча мажбуриятларини тўлиқ бажаргани ҳақида гапирган. Унинг фикрича, Россия Арманистон учун ҳатто арманлар орзу қилмаган қурол-яроғларни ҳам етказиб берган. Акопян Пашинянни Россия президентидан 30 сентябргача (яъни урушнинг учинчи кунигача) ёрдам сўрамаганликда ҳам айблади.

Генерал Акопян кўпчилик учун кутилмаган бир қизиқарли фактни келтиради: унинг сўзларига кўра, Арманистон Озарбойжон билан бўлган урушда Россиянинг «Искандер-Э» оператив-тактик ракета тизимидан ҳам фойдаланган. Ўтган ҳафта ушбу маълумот Арманистон ҳукуматидаги манбалар томонидан ҳам тасдиқланган.

Генарал Акопян матбуот анжумани ўтказиб, мағлубият сабабларини гапириб, бунда асосан Пашинянни айблаганидан сўнг, Арманистон расмийлари унинг гапларига қарши кескин баёнотлар билан чиқишган. Жумладан, Арманистон бош вазири матбуот котиби Мане Геворгян «Генерал Акопяннинг баёнотлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан кўриб чиқилиши керак» деган.

Унинг сўзларига кўра, Пашинян генерал Акопян томонидан ўзига қўйилган барча айбловларни «ўйлаб топилган ва бемаъни» деб ҳисоблайди. Айни пайтда Арманистон бош прокурори генерал Акопян томонидан ўтказилган матбуот анжуманидаги видеоёзувни, унинг сўзларини текшириш ва баҳолаш учун Арманистон махсус тергов хизматига юборган.

Пашинян ўзига билдирилган танқидларни асоссиз деб ҳисоблайди
18 ноябрь куни матбуот анжумани ўтказгандан сўнг, 19 ноябрь куни Мовсес Акопян махсус тергов хизматига чақирилганини, у ерда матбуот анжуманида гапирган гаплари учун сўроқ қилинганини ва сўроқдан сўнг уйига қўйиб юборилганини маълум қилган.

Арманистонда Қорабоғ урушидаги мағлубият учун норозилик намойишлари давом этмоқда. 44 кун давом этган урушда Арманистон ҳарбийлари енгилишди ва кўплаб аскарларни йўқотиб, муҳим ҳудудлар устидан назоратни бой беришди. Норозилик намойишларида одамлар бир-бирини хиёнат қилишда айблаб, шов-шувли баёнотлар бераётган сиёсатчилардан мағлубият учун жавоб талаб қилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Аскарлар жанг майдонини ташлаб қочган» – арман генерали Қорабоғдаги урушда Арманистоннинг хатоларини санади