09:00 / 27.11.2020
1 586

Коронавирусга қарши Америка вакцинасининг ножўя таъсирлари маълум бўлди

Коронавирусга қарши Америка вакцинасининг ножўя таъсирлари маълум бўлди
Фото: «REUTERS / Pfizer»
Америка тиббиёт ассоциацияси экспертлари коронавирусга қарши «Moderna» ва «Pfizer» вакциналарининг ножўя таъсирларини аниқлашди, деб ёзади «Newsweek».

Мутахассислар иккала препарат ҳам ёқимсиз, лекин безарар ножўя таъсирларга эга эканлигини таъкидлаб, аҳолини бунга тайёр туришга чақиришган.

«Moderna» вакцинасининг синовида иштирок этганлар ягона ножўя таъсир сифатида укол қилинган жойдаги оғриқни айтишган. Бундай ножўя таъсирдан биринчи доза юборилгандан сўнг 2,7% беморлар шикоят қилишган. Препаратнинг иккинчи дозасидан сўнг беморларнинг 9,7%ида чарчоқ, 8,9%ида мушак оғриғи, 5,2%ида бўғим оғриғи пайдо бўлган. Яна 4,5% иштирокчилар бош оғриғидан арз қилган бўлса, 4,1%ида укол қилинган жойда оғриқ келиб чиққан.

Беморлардан бири, 43 ёшли Люк Хатчинсон эмлангандан сўнг «чидаб бўлмас» иситма ҳақида маълум қилганди, лекин у 12 соатдан сўнг ўтиб кетган.

«Pfizer» вакцинаси иккинчи доза юборилгандан сўнг синов иштирокчиларининг тахминан 4%ида бош оғриғига сабаб бўлган. Бошқа шикоятлар аниқланмаган.

Аввалроқ АҚШда «Pfizer» вакцинаси синовида иштирок этган киши препаратнинг иккинчи дозаси юборилгандан сўнг иситма, лоҳаслик ва умумий қувватсизлик ҳақида маълум қилганди. Шунга қарамай, у нохушликлар бир неча соатдан сўнг ўтиб кетганини таъкидлаган.

Коронавирус пандемияси қарийб бутун Ер юзини қамраб олди. Тахминан 60 миллион киши касалликка чалиниб, улардан 1,4 миллион нафари вафот этди. Ковид ҳолати энг кўп АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда қайд этилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)