08:00 / 27.12.2020
3 560

Туркманистон президенти коронавирусга даво бўладиган гиёҳни тавсия қилди

Туркманистон президенти коронавирусга даво бўладиган гиёҳни тавсия қилди
Фото: Туркманистон давлат ахборот агентлиги
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов COVID-19га қарши курашда халқ табобатида кенг қўлланувчи гиёҳ – қизилмияни тавсия қилди. Ҳукуматнинг онлайн тартибдаги мажлисида нутқ ирод қилган президент қизилмиянинг коронавирусга қарши хусусиятларини тадқиқ этиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, яқинда ўтказилган тадқиқотлар қизилмия илдизи коронавируснинг ривожланишига ғов бўлишини тасдиқлади. Туркманистон раҳбари қизилмия илдизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган даво воситалари сирасига киришини эслатиб ўтган. Ушбу гиёҳ илдизидан аллергия, шамоллаш, бронхиал астма ҳамда вирусли касалликларга қарши 350 дан зиёд турдаги дори-дармон тайёрланади.

ORIENT ахборот агентлиги хабарига кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов муаллифлигида чоп этилган «Туркманистоннинг доривор ўсимликлари» китобида ҳам қизилмия илдизининг шифобахш хусусиятлари батафсил баён қилинган.

Таъкидланишича, айнан туркман чўлларида ўсовчи қизилмияда фойдали моддалар кўпроқ сақланади. Мамлакатниг Лебап вилоятидаги агросаноат мажмуасида ушбу доривор гиёҳ етиштирилиб, ички ҳамда ташқи бозорга етказилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида ўтказилган ҳукумат машваратида Гурбангули Бердимуҳамедов вирусдан ҳимояланиш учун кўҳна халқона усул – исириқ тутатишни тавсия қилган эди.

Туркманистон Марказий Осиё давлатлари орасида COVID-19 инфекцияси тарқалиши расман қайд этилмаган ягона давлат саналади.

Расмий Ашхободга кўра, мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ бирорта ҳолат рўйхатга олинмаган. Аммо мамлакатда ниқоб режими ҳамда бошқа бир қатор чекловлар амал қилмоқда. Хусусан, 50 ёшдан ошган фуқароларнинг ҳаракатланиши чекланган.

Жорий йил сентябрь ойида эса Туркманистон ҳукумати коронавирус тарқалиши таҳдиди таъсирида юқумли хасталиклардан даволанишдан бош тортган ёки шифохонадан қочган беморлар учун жиноий жавобгарлик жорий этди.

Кузатувчилар эпидемияга қарши жорий этилган оммавий чеклов чоралари ҳамда матбуот хабарларига асосланиб Туркманистонда коронавирус йўқлиги хусусидаги расмий позицияни шубҳа остига оладилар. ЖССТ эса Туркманистонда ўткир юқумли касалликлар ҳамда пневмония тарқалиши суръати ошганидан хавотир билдирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистон президенти коронавирусга даво бўладиган гиёҳни тавсия қилди