date

Туркманистондаги машҳур “Бин Ладен” қамоқхонада вафот этди

Туркманистондаги машҳур “Бин Ладен” қамоқхонада вафот этди

Туркманистон жиноий оламида “Бин Ладен” лақаби билан танилган маҳкум Расул Гулмамедов вафот этди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, у 10 апрель куни Овадан-Депе ҳудудида жойлашган AH-E/3 махсус тартибли колонияда ҳаётдан кўз юмган. Гулмамедов орзиқиб кутилаётган 55 ёшини нишонлашга атиги бир неча ҳафта қолган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг ўлимига инфаркт сабаб бўлган.

Расул Гулмамедов ўзининг машҳур лақабини “Ал-Қоида” раҳбари ва халқаро террорчи сифатида танилган Усама бин Ладен номи билан боғлаб олган. Тўқсонинчи йиллар ўрталарида Туркманистон ҳуқуқ-тартибот органлари унинг уйидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ҳамда қурол-яроғ захирасини аниқлаган. Улар орасида автоматлар, пулемётлар ва ҳатто ҳовлисида чуқурга яширилиб, сомон билан беркитилган зирҳли транспорт воситаси ҳам бўлгани айтилган.

Хабарларга кўра, бу қурол ва техникаларнинг аксариятини у 1989 йилда Афғонистондан чиқиб кетаётган СССР ҳарбийларидан сотиб олган ёки гиёҳванд моддаларга алмаштирган. Шу билан бирга, айрим манбалар зирҳли транспортёр ҳақидаги маълумотлар куч тузилмалари томонидан воқеани янада шов-шувли кўрсатиш учун тўқиб чиқарилган бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлайди.

Шунга қарамай, ўша даврда “Бин Ладен” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб, собиқ СССР ҳудудидаги давлатлардан бирига кетишга муваффақ бўлган. Бироқ 2001 йилда номаълум сабабларга кўра Туркманистонга қайтган ва 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шундан сўнг у озодликка чиқмаган. Гулмамедов Овадан-Депе қамоқхонасида камида уч марта жазо муддатини ўтаган.

Нашр маълумотларига кўра, у қамоқхона тартиб-қоидаларига бўйсунишни истамайдиган, расмий ишларда қатнашмайдиган маҳкумлар қаторига кирган. Қамоқхона маъмурияти ҳам унга босим ўтказишдан эҳтиёт бўлган. Сабаби, у мансуб бўлган балуж миллатига тегишли юзлаб маҳкумларни ўз атрофига жамлаб, тартибсизлик келтириб чиқариши мумкинлиги айтилган.

Шу боис унга қамоқхона шароити учун нисбатан имтиёзли имкониятлар яратилгани, жумладан, хизматкори билан алоҳида камерада яшаш, кўп сонли учрашувлар ўтказиш ва озиқ-овқат посилкаларини қабул қилиш ҳуқуқи берилгани қайд этилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Туркманистондаги машҳур “Бин Ладен” қамоқхонада вафот этди