15:10 / 21.01.2021
2 839

«Бошқа бирор президент бундай ишга журъат этмаган!» Трамп ўзидан қандай мерос қолдирган?

«Бошқа бирор президент бундай ишга журъат этмаган!» Трамп ўзидан қандай мерос қолдирган?
20 январь куни Дональд Трампнинг президентлик ваколати якунига етди. Хўш, АҚШнинг 45-президенти тарихга қандай арбоб сифатида киради? BBC бу борада америкалик олимлар ҳамда сиёсатшуносларнинг фикри билан қизиқди.

«Дональд Трамп тарихда икки бора импичментга учраган илк президент сифатида қолади. У сайловда овозлар ўғирлангани ҳақида чўпчак сўйлаб, Вашингтонда ўз тарафдорларини тўплади, ҳокимиятни куч билан қайтариб олишга уринди», – дейди Америка тадбиркорлик институти ходими Мэтью Континетти.

Экспертга кўра, Трамп даврида мамлакатда ультра ўнг йўналишдаги экстремистик ҳаракат ва фитна назариялари кучайди.

М.Континетти адолат юзасидан 45-президентнинг ижобий ҳиссасини ҳам қайд этган. Жумладан, пандемияга қадар Қўшма Штатларда иқтисодий ўсиш кузатилди, жангарилар етакчилари йўқ қилинди, фазовий дастур янгиланди, ковидга қарши вакцина дастури рекорд даражада қисқа фурсатда тасдиқланди.

Виржиния политехника университети профессори Лора Белмонте президент Трамп даврида АҚШ глобал миқёсда етакчилик мақомини бой берганига эътибор қаратади.

«Мени Трампнинг 2018 йили Хельсинки шаҳрида президент Владимир Путин билан ўтказган матбуот анжуманини томоша қилиб тангу тонг ҳолатда қолган эдим. Ўшанда у Россиянинг сайловларга аралашуви масаласида АҚШ разведкасига қарши чиқиб, Путиннинг ёнини олган эди. Мен бошқа бирор президент шу тариқа аксилдемократ мухолифни ёқлашга журъат этганини эслай олмайман», – дейди профессор Л.Белмонте.

Олима, шунингдек, Трамп иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими ҳамда Эрон билан тузилган ядро шартномасидан ҳам чиқиб кетганини ёдга олади.

Пердью университети профессори, тарихчи Кэтрин Браунелл Трамп ҳамда унинг тарафдорлари АҚШ демократиясининг нечоғли мустаҳкамлигини беаёв синаганини таъкидлайди.

«Ўзи ўйлаб топган уйдирмани ҳақиқат ўлароқ кўрсатиб, миллионлаб одамни ишонтирганидан ҳайратга тушаман. 6 январь куни Капитолийнинг қамал этилиши президент Трамп сўнгги 4 йил давомида юритган дезинформация сиёсатининг ҳадди аълоси бўлди”, – деб ҳисоблайди профессор Браунелл.

У ижтимоий тармоқ кучидан фойдаланиб, сиёсат ҳамда шоу бизнес сарҳадларини қориштирган ҳолда, оммани чалғитди.

Пенсильвания университети профессори Мэри Франсис Берри республикачи президент суд тизимига ҳам зарба берди деб ҳисоблайди. Экспертнинг қайд этишича, Трамп бир томондан қора танли талабалар ҳамда ишбилармонларга кўмак берувчи фармонлар қабул қилди, иккинчи томондан эса, қора танли аҳоли шаънига номақбул фикрлар билдирди.

Вашингтон университети профессори Маргарет O'Mарага кўра, асли тужжор бўлган ҳамда аксар сиёсий қадриятларни очиқ-ошкора рад этган Трамп Қўшма Штатларда шаклланган азалий сиёсий тизимни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Ушбу тизимни қайта тиклаш эса унинг меросхўри Жо Байденга оғир бўлиши аниқ.

Ҳуқуқ профессори Саикришна Пракашнинг тахминига кўра, Трампнинг 4 йиллик фаолияти Конгрессни жиддий сиёсий ислоҳотларга ундайди, жумладан, қонунчилик идораси президентнинг айрим ваколатларини қисқартириши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)