15:45 / 21.01.2021
2 676

Қозоғистонда тирик чақалоқни музлатгичда қолдирган шифокорларга ҳукм ўқилди

Қозоғистонда тирик чақалоқни музлатгичда қолдирган шифокорларга ҳукм ўқилди
Фото: «Ак Жайык»
Қозоғистонда тирик чақалоқни ўлдига чиқариб музхонада қолдирган шифокорлар устидан суд ҳукми чиқарилди, ёзмоқда «Central.Asiamedia».
Энг даҳшатлиси, кейинроқ улар чақалоқда ҳаёт аломатларини кўриб, хатога йўл қўйишганини пайқашгандан сўнг ҳам болани муз камерадан олишмаган.

Аслида 2019 йилнинг сентябрида юз берган воқеа ёпиқлигича қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар буни тасодифан билиб қолишди — коррупцияда гумон қилинган Атирау вилояти перинатал маркази бош шифокори пинҳона эшитилаётганида барча тафсилотлар юзага чиққан.

Ушбу ҳодиса хабарини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўлган чақалоқнинг ота-онаси ва тергов органларига етказган.

Тергов маълумотларига кўра, шифокорлар ҳужжатларда чақалоқни ўлик туғилган, деб расмийлаштиришади. Чақалоқ тириклиги маълум бўлганидан кейин, ҳужжатларни қайта расмийлаштириб ўтирмасдан, болани музлатгичли камерага олиб бориб қўйишган.

Ўлган боланинг онасига қариндош инсон маълум қилишича, терговчилар уларга бош шифокор ва акушернинг суҳбатини қўйиб беришган. Акушер болани ўлик туғилди деб ҳисоблаб бошқа қаватдаги музхонага қўйиб келган. Моргдан келган бригада боланинг қимирлаётганини кўриб, олиб кетишга кўнмаган. Бунга жавобан бош шифокор бола туғилган вақтни ўзгартиришга буйруқ беради. Навбатчи врач бу иложсиз эканини айтгач, болани чўктиришини таклиф қилади. Навбатчи врач бунга жавобан экспертизада сув излари билиниб қолиши мумкинлигини айтади.

Кейин нима бўлгани маълум...

Суд ҳукмига кўра, бош шифокор Куаниш Нисанбаев 18 йил, акушер-гинеколог Аскар Кайиржан 16 йил, акушер-ҳамшира Жамила Кулбатирова 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Нисанбаев, шунингдек, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва пора олишга уринишда ҳам айбдор деб топилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)