23:51 / 23.01.2021
932

АҚШ Сенатида Трампнинг импичменти жараёни 8 февраль куни бошланади

АҚШ Сенатида Трампнинг импичменти жараёни 8 февраль куни бошланади
Фото: Reuters
Америкалик сенаторлар февралда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг импичментига оид масалани кўриб чиқишга киришади. Бу ҳақда Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумерга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Вакиллар палатаси менежерлари ҳам, ҳимояда ҳам олдинги суд жараёнларидаги каби ўзларининг юридик қайдларини тузиб олишга вақт бўлади… Қисқа ҳисоботлар тайёр бўлгач, томонлар 8 февралдан бошлаб чиқиш қилади», — дейди Шумер.

Трампга қарши айбловлар келтирилган моддалар Вакиллар палатаси томонидан Сенатга 25 январь куни топширилади. Шумернинг Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл билан келишувига кўра, улар 25 январь куни маҳаллий вақт билан 19:00 да ўқиб эшиттирилади. Сенаторлар 26 январь куни қасамёд қабул қилади, Трампга эса чақириқ қоғози юборилади.

Қонунга кўра, АҚШ сенати импичмент борасидаги ишни якшанбадан ташқари ҳар куни, бошқа масалаларга чалғимаган ҳолда кўриб чиқиши керак. Шундай қилиб, импичмент жараёнининг зудлик билан бошланиши президент Жо Байден томонидан ҳукумат лавозимларига кўрсатилган номзодларнинг сенаторлар томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини кечиктиради.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Вакиллар палатаси 13 январь куни Трампга импичмент эълон қилганди. Уни ҳокимиятдан четлатиш тўғрисидаги резолюция конгрессменларнинг 232 нафари, шу жумладан 10 нафар республикачи ҳам овоз берган. Яна 197 киши Трампнинг четлатилишига қарши чиқди.

Бу АҚШ тарихида биринчи марта президентга икки марта импичмент эълон қилиниши. Вакиллар Палатаси Трампга 2019 йил декабрида импичмент эълон қилганди. Аммо унга қарши айбловларни Сенатда кўриб чиқишнинг навбатдаги босқичида у оқланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)