11:19 / 24.01.2021
1 018

Байден Капитолийни қўриқлашга жўнатилган гвардиячилардан узр сўради

Байден Капитолийни қўриқлашга жўнатилган гвардиячилардан узр сўради
Фото: EPA
АҚШ президенти Жо Байден Капитолий хавфсизлигини таъминлаш учун жўнатилган миллий гвардия хизматчиларининг дуч келган жойда ётгани акс этган фотосуратлар чоп этилганидан сўнг улардан узр сўради.

Байденнинг инаугурацияси вақтида полицияга ёрдам бериш учун Вашингтонга 25 минг нафар миллий гвардия аскарлари жойлаштирилганди.
Пайшанба куни эълон қилинган суратларда гвардиячилар ерости машиналар тураргоҳида ҳордиқ чиқаришга мажбур бўлишгани тасвирланганди.

Бу сиёсатчилар ўртасида норозиликларга сабаб бўлди, бир нечта штатлар губернаторлари миллий гвардиячиларни чақириб олишларини билдиришди.

ОАВнинг маълумот беришича, жума куни Байден миллий гвардия бюро раҳбарига узр сўраш ва қандай чоралар кўриш мумкинлигини билиш учун қўнғироқ қилган. Шунингдек, биринчи хоним Жилл Байден шахсан миннатдорлик билдириш учун ҳарбий хизматчилар билан учрашган.

Миллий гвардия ва Капитолий полицияси бу ҳолат юзасидан қўшма баёнот берди ва ҳарбийларга етарлича шароит яратиб бериш бўйича ҳамкорликда иш олиб бораётганини билдирди.

Сенатор Рой Блантнинг Politico порталига маълум қилишича, сенат қўмитаси ушбу ҳолат бўйича текширув бошлаган.

New York Times нашрининг хабар беришича, 19 минг нафарга яқин гвардиячи яқин кунларда ўз штатларига қайтади, 7 мингга яқини эса ҳозирча Вашингтонда қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)