13:57 / 13.03.2021
960

«Спутник V» вакцинасининг «британча» штаммга қарши самарадорлиги ҳақида маълум қилинди

«Спутник V» вакцинасининг «британча» штаммга қарши самарадорлиги ҳақида маълум қилинди
Фото: «РБК»
Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси ҳам «классик» COVID-19’га, ҳам коронавируснинг «британча» турига қарши бир хил самарадорликни кўрсатди. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко журналистларга маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Коронавирусга қарши ‘Спутник V’ вакцинаси мутацияга учраган ‘британча’ штаммдан одатдаги штаммдан кам бўлмаган даражада самарали ҳимоя қилади», — дейди соғлиқни сақлаш вазири.

Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан «Спутник V» билан эмланган кўнгиллилар қон зардобининг «британча» штаммга нисбатан нейтраллаштирувчи (зарарсизлантирувчи) фаоллиги тадқиқ қилинган. Ушбу штаммни зарарсизлантирувчи антитаналарнинг даражаси «асл SARS-CoV-2 штаммига қарши антитаналар даражасидан сезиларли даражада фарқ қилмайди».

Шунингдек, Американинг Novavax биотехнологик компанияси вакцинаси ҳам «британча» штаммга қарши самарали бўлиб чиқди. Буюк Британияда ўтказилган клиник синовларнинг учинчи босқичи натижаларига кўра, вакцинанинг коронавируснинг бирламчи вариантига қарши самарадорлиги 96,4 фоизни, «британча» вариантга қарши самарадорлиги эса 86,3 фоизни ташкил қилган.

Шу билан бирга Pfizer/BioNTech компаниясининг вакцинаси Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган тадқиқот чоғида COVID-19’нинг симптомли ҳолатларида 97 фоиз, симптомсиз ҳолатларида эса 94 фоиз самарадорлик кўрсатди. ССВ томонидан таҳлил қилинган ҳолатларнинг 80 фоиздан ортиғида гап коронавируснинг биринчи марта Буюк Британияда аниқланган B.1.1.7 штамми ҳақида борган. Pfizer маълум қилишича, бу вакцинанинг B.1.1.7 штамми билан касалланишга қарши самарадорлигини исботлайди.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи ўрталарида Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланганди. Россиялик вирусолог янги вариантнинг тез тарқалаётгани сабабли у аста-секин эски штамм ўрнини босишини айтган. Айни пайтда «британча» штамм аниқланган мамлакатлар сони 111 тага етган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » «Спутник V» вакцинасининг «британча» штаммга қарши самарадорлиги ҳақида маълум қилинди