15:00 / 11.04.2021
1 497

Forbes Павел Дуровни араб миллиардерлари рўйхатидан чиқарди

Forbes Павел Дуровни араб миллиардерлари рўйхатидан чиқарди
Forbes журнали «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуровни Бирлашган Араб Амирликларининг миллиардерлар рўйхатидан чиқарди, деб ёзмоқда «РБК».

Аввалроқ Дуров 17,2 миллиард доллар бойлиги билан бу рўйхатда биринчи ўринни банд қилган. Эндиликда у Россиянинг энг бой одамлари рўйхатига киритилди ва БАА миллиардерлари сафида тўрт киши қолди.

Биринчи ўринда Majid Al Futtaim Holding (кўнгилочар савдо марказлари) асосчиси Мажид ал-Футтайм (3,6 миллиард доллар), иккинчи ўринда Mashreqbank’нинг асосчиси ва собиқ директорлар кенгаши раиси Абдулла ал-Гурайр, учинчи ўринда ташкилотчи Ҳуссайн Сажвани (2,4 миллиард доллар) ва тўртинчи ўринни автомобиль бизнеси эгаси Абдулла ал-Футтайм (2,2 миллиард доллар) қайд этилди.

Дуров «Нафта Москва» асосчиси ва «Полюс» олтин қазиб олиш компаниясининг назорат пакетига эгалик қилувчи Сулаймон Керимов оиласини ортда қолдириб, россиялик миллиардерлар рўйхатида тўққизинчи ўринни эгаллади. Forbes’нинг россияликлар рейтингини ҳали ҳам «Северстал» раҳбари Алексей Мордашовнинг оиласи (29,1 миллиард доллар) бошқармоқда.

Дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида Дуров 112-ўринни банд этган. Бир йилда унинг бойлиги 13,8 миллиард долларга кўтарилди.

2014 йил Россиядан кетганидан сўнг Дуров кўп саёҳат қилди ва 2017 йилдан Дубайда доимий яшай бошлади. Компаниянинг штаб-квартираси Dubai Media City эркин иқтисодий зонасидаги осмонўпар бинолардан бирида жойлашган. Солиқ тўловлари йўқлиги учун жамоа шу ерни танлаган.

«Даромадингизнинг ярми солиқ тўловларига кетиши мумкин, бу эса йилига 180 кун ҳукумат учун ишлаш дегани. Мен топган пулларимни жамият учун энг фойдали ишларга сарфлай оламан, деб ўйлайман», — деди Дуров.

Март ойида тадбиркор ва Тинкофф Банк асосчиси Олег Тинков яқин келажакда Дуровнинг россиялик миллиардерлар учлигига киришини таъкидлаган эди.

Шунингдек, февраль ойи охирида Da Vinci Capital сармоядорлари Павел Дуровга Telegram Open Network Inc (TON) ва Telegram Inc компанияларига қарши даъво очиш нияти ҳақида билдиришнома хати юборди. Forbes маълумотларига кўра, инвесторлар ТON блокчейн платформасининг муваффақиятсиз лойиҳаси учун 100 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Forbes Павел Дуровни араб миллиардерлари рўйхатидан чиқарди