21:31 / 25.06.2021
4 406

ЖССТ: «ҳиндча» штамм «асл» коронавирусдан икки карра юқумлироқ


Коронавируснинг Ҳиндистонда аниқланган дельта штамми вируснинг Уханда пайдо бўлган «асл» вариантидан икки баравар юқумлироқ. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош тадқиқотчиси Сумя Сваминатанга таяниб, «РБК» хабар берди.

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, ушбу штаммга чалинган одам инфекцияни «икки эмас, балки тўрт, олтита ва ҳатто саккиз» кишига юқтириши мумкин.
Сваминатан пандемия бошланган пайтга нисбатан ҳозирги кунда коронавирус билан оилавий касалланиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлади. У дельта варианти тез орада дунё бўйлаб устунликка чиқишини истисно қилмади, илгари бу ҳолат альфа вариант («британча» штамм) билан содир бўлган эди.
Мутахассис мавжуд вакциналарнинг аксарияти «ҳеч бўлмаганда касалликнинг оғир кечишига йўл қўймаслик учун» самарали бўлиб қолишини қўшимча қилди.

Коронавируснинг дельта варианти 2020 йилнинг октябрида Ҳиндистонда топилган. ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу штамм июнь ойи ўрталарига келиб 90 дан ортиқ мамлакатда қайд этилган. Юқумлилик даражасининг юқори экани ва чекловларнинг бир қисмидан воз кечиш унинг кенг тарқалишига сабаб бўлди. Ташкилот мутахассиси Мария ван Керкховенинг таъкидлашича, дастлабки маълумотларга кўра дельта варианти касалликнинг оғир кечиши хавфини оширади. Бироқ янги штаммнинг бошқаларига қараганда кўпроқ ўлимга сабаб бўлиши ҳақида далиллар йўқ.

Ўтган ҳафта Ҳиндистонда коронавирус «ҳиндча» штаммининг янги варианти тарқалди. Махараштра штатида аниқланган ушбу тур дельта-плус деб номланди. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли зич жойлашган Махараштра, Керала ва Мадхя-Прадеш штатлари ҳокимиятларини дельта-плюс хавфидан огоҳлантирди. Мутахассислар фикрига кўра, дельта-плюс ўта юқумли бўлиб, ҳатто унинг ташувчиси ёнидан ниқобсиз ўтиб кетиш ҳам хавфли.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ: «ҳиндча» штамм «асл» коронавирусдан икки карра юқумлироқ