06:58 / 27.06.2021
11 153

Абдулазиз Комилов «Толибон» нима хоҳлаётганини маълум қилди


Фото: YouTube / ThisIsAmericaTV
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов америкалик телебошловчи Деннис Уоли билан This Is America TV телелойиҳаси доирасида бўлиб ўтган интервьюсида Афғонистон инқирози ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб, ушбу мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган бошқарув шакли, «Толибон» ҳаракатининг мақсадлари ҳақида гапирди, шунингдек, Ўзбекистоннинг оптимистик кайфиятини ва нима учун шахсан ўзи «Толибон»ни террористик ташкилот деб ҳисобламаслигини тушунтириб берди.

Ташқи ишлар вазири Афғонистон инқирозининг асосий масалалари бўйича Ўзбекистоннинг позициялари тўғрисида тўхталди.
«Биринчидан, биз афғон инқирозининг ҳарбий ечими йўқлигини англаб етишимиз керак. Иккинчидан, Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг интеграциялашган қисмига айланиши жуда муҳим. Ягона умумий минтақа. Учинчидан, Афғонистонда тинчлик жараёнига ўтишнинг ягона минтақавий ва халқаро ечими бўлиши зарур. Мана, нима учун биз Доҳа, Туркия ёки бошқа жойлардаги музокараларнинг барча форматларини қўллаб-қувватлаймиз», — деди у.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон «Толибон» етакчилари билан тўғридан-тўғри алоқани ўрнатган биринчи мамлакат бўлганини эслатиб ўтди.
«Очиқ айтганда, ўша вақтда ‘Толибон’ни тан олганимиз учун бизни танқид қилишди. Бу — реал мухолифат. Масала Афғонистонда сиёсий тизимнинг қандай бўлишида. Албатта, биз Афғонистонда 1990 йиллардаги Афғонистон Ислом Амирлиги бўлишини қабул қила олмаймиз. Бироқ, айни вақтда, ушбу муаммо амалдаги ҳукумат ва ҳарбий мухолифат — ‘Толибон’ ва бошқалар ўртасида ўзаро компромис асосида ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади у.

«Бу нимани англатади? Бу, албатта, у ерда жиддий ислом қоидалари аломатлари бўлиши кераклигини англатади. Албатта, ислом давлати бўлади, чунки аксарият аҳоли — мусулмонлар. Бироқ, айни вақтда, биз сўнгги 9 йил давомида эришилган демократик ютуқларни ҳам инкор қила олмаймиз. Масалан, амалдаги ҳукумат сайловлари, ҳарбий кучлар, хавфсизлик кучлари, аёллар ва қизлар ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва бошқалар. Шу билан бирга, биз ислом қадриятларини ҳам ҳурмат қилишимиз керак».

«Толибон» нима хоҳламоқда?

Фото: YouTube / ThisIsAmericaTV
«Биринчи навбатда, ‘Толибон’ (АҚШ) қўшинларнинг чиқиб кетишини хоҳлайди», — деди вазир.

Бошловчи Деннис Уоли «Толибон» бунга эришганини таъкидлаб, рақиблар эндиликда қолмаган экан, ҳаракат келгусида ким билан курашмоқчи эканини сўради.
«Рақиблар йўқ, бироқ айни пайтда Афғонистондаги можаро — у ерда фуқаролар уруши бўлган. Фуқаролар уруши. Улар нафақат АҚШ ҳарбийлари ёки НАТОга қарши курашган, балки фуқаролар уруши бўлган ва жамият иккига бўлинган. Ҳа, (улар ўзаро жанг қилишади)», — деб тан олди у.

Абдулазиз Комилов афғон жамиятининг бошқа вакилларини «рақиблар» деб аташни истамаслигини таъкидлади.
«У ерда афғон жамиятининг жуда кўп турли қисмлари мавжуд бўлиб, улар ушбу жараёнда фаол иштирок этмадилар. Масалан, айрим сиёсий партиялар раҳбарлари, анъанавий етакчилар, диний раҳбарлар, баъзи ҳудудларнинг раҳбарлари ва бошқалар. Ва шунинг учун бу жараёнда ‘Толибон’дан ташқари, улар ҳам иштирок этишлари керак», — деб ҳисоблайди ТИВ раҳбари.

Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳарбий мухолифат ва ҳукумат ўртасида келишувга эришиш жуда осон бўлади, деган хаёлларга бораётгани йўқ.
«Аммо, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият уларга ёрдам бериши, ҳар икки томоннинг келишувга эришишига ёрдам бериши керак. Биз Афғонистондаги вазиятнинг жиддийлигини эътиборсиз қолдиролмаймиз. Албатта, биз Афғонистонда миллий ярашувга эришишни талаб қиламиз», — деди у.

Абдулазиз Комилов «Толибон» ҳимоячиси бўлишини хоҳламаслигини таъкидлади, бироқ Афғонистон Ислом Амирлиги сайтида «Толибон» хоҳлаётган мамлакат тури ҳақидаги мақола ҳақида тўхталиб ўтди.
«Жуда қизиқарли мақола. Улар ташқи аралашувисиз мустақил ва суверен мамлакатни исташларини айтмоқдалар. ‘Биз ўз ҳудудимизни хорижий ҳарбий кучлар томонидан босиб олинишини истамаймиз. Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини кафолатламоқчимиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлашлари мумкин. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатмоқчимиз’ ва ҳоказо», — дея санаб ўтди у.

Вазир шунинг учун «ҳукумат ва мухолифатнинг умумий манфаатларига хизмат қиладиган кенг доирали ишлар» мавжуд деб ҳисоблайди.
«Улар ушбу майдонни кенгайтириб, афғон жамияти манфаатлари йўлида келишувга эришишлари керак. Бундан ташқари, айрим (мухолифат) вакиллари, агар афғонлар президентлик республикасини танласа, биз ҳам рози бўламиз, деб айтганини эшитдим», — деди у.

Оптимистик кайфият

Фото: YouTube / ThisIsAmericaTV
Абдулазиз Комилов, шунингдек, нима учун Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятга оптимистик муносабатда эканлиги ва унда салоҳияти нимада кўраётганини тушунтирди.
«Бизда бир оз некбинлик бор. Нима учун? Чунки вазият ўзгарган. Икки йил олдин вазият қандай бўлганига назар ташланса. Қанчалик ижобий ўзгаришлар юз берди. Биринчидан, икки томон 40 йил ичида биринчи марта тўғридан-тўғри алоқаларни бошладилар. Уларда ўзларининг кун тартиби бор. Халқаро ҳамжамият Афғонистонда тинчлик жараёни ва барқарорликка эришишда янада фаол. ‘Толибон’ ҳам келишувга эришиш учун шундай тўғридан-тўғри музокараларни хоҳламоқда», — деди вазир.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири «Толибон» ҳаракати террористик ташкилот деб қаралиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«Албатта, улар Афғонистон ичкарисида турли хил экстремистик ташкилотлар билан қандайдир алоқада бўлишган ва ҳоказо. Аммо, шу билан бирга, сиз ‘Толибон’ аъзолари 40 йил ичида Афғонистоннинг миллий чегараларидан ташқарида — Марказий Осиёда ҳам, Европада ҳам, бошқа жойларда ҳам теракт уюштиргани ҳақида битта мисол келтира олмайсиз», — деди у.

Ташқи ишлар вазири Доҳадаги «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Барадарнинг Афғонистондан Ўзбекистонга таҳдид ва хавф пайдо бўлишига йўл қўймаслигини айтган сўзларини эслади.
«Биз, албатта, келишув шартларини бажарамиз. Шу нуқтайи назардан, биз келажакда Афғонистондан Ўзбекистонга ёки бошқа Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид ва хавф пайдо бўлишига йўл қўймаймиз деб айтишимиз мумкин… Келгусида биз афғон тупроғида радикал кайфиятдаги гуруҳлар ва ташкилотлар, террористик гуруҳлар бўлишига йўл қўймаймиз», — дея таъкидлаган «Толибон»нинг Дохадаги идораси раҳбари.

Абдулазиз Комилов шахсан ўзи «Толибон»ни террористик ташкилот деб ҳисобламаслигини айтди.
«Чунки ўшанда АҚШ ‘Толибон’ билан иш юритиб, шартнома имзолаган. Чунки АҚШнинг аниқ принциплари бор — сиз ҳеч қачон террорчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказмагансиз, ўтказмаяпсиз ва ўтказмайсиз. Шу жавоб», — деди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Абдулазиз Комилов «Толибон» нима хоҳлаётганини маълум қилди