11:01 / 20.08.2021
3 499

Афғонистонда паранжи нархи ўн баравар ошиб кетди

Афғонистонда паранжи нархи ўн баравар ошиб кетди
Афғонистонда аёллар паранжи сотиб олиш учун соатлаб навбатда туришга мажбур бўлмоқда. «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг ушбу кийимнинг нархи ўртача 10 баравар ошиб кетди. Бу ҳақда маҳаллий аҳолига таяниб ISNA агентлиги хабар берди.

Аёллардан бири агентликка берган интервьюсида айтишича, у паранжи сотиб олиш мақсадида нақд пул олиш учун банкоматда бир неча соат навбатда турган.

«Паранжи камдан кам топилади. Оиламиздаги уч аёлга битта ёки иккита бор. Унинг ўрнига эҳтимол чойшабдан ҳижоб тикиб олармиз», — деди у.

Аёл, шунингдек, Кобулда ҳеч ким пойтахтнинг бунчалик тез қулашини кутмаганини айтди. Ҳамма пойтахт бир йил ёки ундан кўпроқ вақт қаршилик кўрсата олади деб ўйлаган.

Айни пайтда захираларнинг музлатилиши ва Марказий банк раҳбарининг қочиб кетиши фонида афғон валютасининг қиймати рекорд даражада тушиб кетган. Bloomberg маълумотларига кўра, афғони курси 4,6 фоизга пасайиб, 17 август куни бир долларга 86,0625 афғонини ташкил этган, пасайиш кетма-кет иккинчи кун давом этган.

Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа 19 мамлакати Афғонистондаги хотин-қизларнинг ҳолати юзасидан баёнот эълон қилди. Мамлакатлар «Толибон»ни улар ҳокимиятга қайтишидан олдин аёлларга берилган ҳуқуқларни тортиб олмасликка чақирди.

«Афғонистонлик аёллар ва қизларнинг тақдири, уларнинг таълим олиш, ишлаш ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари бизни қаттиқ ташвишга солмоқда. Ҳукумат тепасида турганларни аёллар ҳимоясига кафолат беришга чақирамиз», — дейилади Европа Кенгашининг баёнотида.

Баёнотда таъкидланишича, афғонистонлик аёл-қизлар, бутун афғон халқи сингари, хавфсиз ва қадр-қимматли ҳаёт кечиришга лойиқ.

«Ҳар қандай дискриминация ва ҳақоратларнинг олдини олиш керак. Биз халқаро ҳамжамиятда уларнинг овози эшитилиши учун гуманитар ёрдам беришга ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дейилади баёнотда.

Ҳужжатни Албания, Аргентина, Австралия, Бразилия, Канада, Чили, Колумбия, Коста-Рика, Эквадор, Сальвадор, Европа Иттифоқи, Гондурас, Гватемала, Шимолий Македония, Янги Зеландия, Норвегия, Парагвай, Сенегал, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ имзолаган.

«Толибон» Афғонистонни эгаллаб олгач, матбуот ва аёллар учун ўз шартларини эълон қилганди, «Толибон» аёллар ҳуқуқларига шариат доирасида амал қилишга ваъда берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда паранжи нархи ўн баравар ошиб кетди