14:15 / 01.09.2021
1 225

CNN: «Толибон» АҚШ фуқароларини Кобул аэропортига яширинча етказиб берган

CNN: «Толибон» АҚШ фуқароларини Кобул аэропортига яширинча етказиб берган
Фото: Reuters
АҚШ ҳарбийлари «Толибон» билан махфий шартнома тузган, унга кўра ҳаракат аъзолари Афғонистондан кетмоқчи бўлган америкаликлар гуруҳига Кобул аэропортигача ҳамроҳлик қилган. Бу ҳақда CNN телеканали исмини ошкор қилмаслик шарти билан Пентагоннинг икки амалдорига таяниб, хабар берди.

Улардан бирининг телеканалга маълум қилишича, АҚШ армияси махсус кучлари аэропортда «махфий дарвоза» ташкил қилган, у ерда «Толибон» эвакуация қилинаётган фуқароларни АҚШ ҳарбийларига топширган.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Афғонистонни тарк этмоқчи бўлган америкаликларга аэропорт яқинидаги олдиндан белгиланган «йиғиш пунктлари»га келиши кераклиги ҳақида хабар берилган, у ерда «Толибон» америкаликларнинг ҳужжатларини текширганидан сўнг, уларни «махфий дарвоза»га олиб кетган.

Телеканал таъкидлашича, бундай тартиб америкаликлар мамлакатни тарк этмоқчи бўлиб, аэропорт яқинида тўпланган афғонларнинг ҳужумига учрамаслиги учун зарур бўлган.

CNN суҳбатдошларига кўра, ҳозирча «Толибон» билан тузилган шартнома ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, чунки АҚШ «Толибон»нинг ҳар қандай ошкораликка муносабатидан, шунингдек, ИШИД ҳужумлари таҳдидидан хавотирда.

Амалдорлардан бирига кўра, «Толибон» америкаликлар гуруҳларини «кунига бир неча марта» кузатиб қўйган. Унинг таъкидлашича, асосий йиғиладиган жойлардан бири аэропорт дарвозаси яқинидаги Ички ишлар вазирлиги биноси бўлган. «Бу иш берди, жуда яхши иш берди», — деди суҳбатдошлардан бири.

«Толибон» америкаликларнинг бирортасига Афғонистонни тарк этишни тақиқлаганми ёки йўқми номаълумлигича қолмоқда.

«Паспорти бор америкаликлар ва АҚШ грин картасига эга кишиларнинг баъзилари аэропорт яқинидаги ‘Толибон’ назорат-ўтказиш пунктларидан ҳайдаб юборилгани ва айрим ҳолларда калтаклангани ҳақида кўплаб хабарлар бор», — деб ёзади CNN.

Эслатиб ўтамиз, Америка армияси ўз контингентини Афғонистондан олиб чиқишни якунлади. Ҳарбий эвакуация якунланган бўлса-да, АҚШ фуқароларига ҳамда АҚШга кетиш ҳуқуқига эга бўлган ва буни истайдиган афғонларга ёрдам бериш дипломатик миссияси давом этмоқда.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, айни пайтда Афғонистонда 250 кишидан камроқ АҚШ фуқаролари қолмоқда.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси қарийб 19 йил-у 11 ой давом этди. Америка қўшинлари мамлакатга 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йорк ва Вашингтонда терактлар уюштирган «Ал-Қоида» билан курашиш учун келган эди.

АҚШ Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштироки мобайнида 2 мингдан ортиқ одамни йўқотди. Шунингдек, ушбу миссия АҚШга 1-2 триллион долларга тушган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » CNN: «Толибон» АҚШ фуқароларини Кобул аэропортига яширинча етказиб берган
[/banner_pushhouse