23:37 / 11.09.2021
1 124

Бепул олий таълим: қайси давлатларда бюджет асосида ўқиш мумкин?

Бепул олий таълим: қайси давлатларда бюджет асосида ўқиш мумкин?
Кўпчилик одамлар, агар сизнинг банк ҳисобингизда катта миқдордаги маблағ бўлса, Европада сифатли таълим олиш мумкин деб ўйлашади. Аслида бундай эмас. Ҳатто чет эллик талабаларга ҳам бепул олий таълим берадиган кўплаб мамлакатлар бор. Ушбу мақолада биз текин ёки нисбатан оз миқдорда тўлов эвазига ўқиш мумкин бўлган Европа давлатлари ҳақида маълумот берамиз.

Германия

Германия университетларида бакалавр босқичида бепул ўқиш имконияти мавжудлиги туфайли мамлакат чет эллик талабалар орасида тобора оммалашиб бормоқда.

Фақат Германия жануби-ғарбий қисмидаги Баден-Вюртемберг вилояти бундан мустасно, бу мамлакатда истиқомат қилмайлиган талабалар учун тўловлар қайта жорий этилган бўлиб, тўлов миқдори йилига 3000 еврога яқин.

Германиянинг кучли иқтисодиёти ва юқори сифатли олий таълими уни абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари назарида жуда жозибали мамлакатга айлантиради. Қирқдан ортиқ немис университетлари дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатига киритилган, улар орасида биринчи ўринни Мюнхен техника университети эгаллаган.

Агар сиз Германияда бюджет асосида таълим бериладиган университетни танлаган бўлсангиз, шуни ёдда тутингки, бу ерда фақат таълим бепул бўлади. Бу мамлакатда фаровон ҳаёт кечириш учун ойлик даромадингиз тахминан 850 евро бўлиши керак. Бундан ташқари, Германия талаба визасини олиш учун сизга банк томонидан ўз молиявий харажатларингизни қоплаш учун маблағингиз мавжудлиги тўғрисида маълумотномаси керак бўлади.

Франция

Франция ҳам чет эллик талабаларга арзон нархларда олий маълумот олиш имкониятини беради.
Швейцария ва Европа иқтисодий ҳудудидаги талабалар учун тўлов йилига атиги 170 еврони ташкил этади.

Европа Иттифоқининг норезидентлари учун 2019/20 ўқув йили ўзгаришлар киритилди: ўқиш нархи йилига 2,770 еврога ошди, лекин Франция ҳукумати чет эллик талабалар учун мавжуд бўлган стипендиялар сонини 7000 дан 21000гача оширди.

Франциядаги энг буюк «grande ecole»га ёзилишни режалаштирганлар учун ўқиш нархи маълум дастурга боғлиқ бўлади.

Германияда бўлгани каби, Франция ўқув дастурларининг аксарияти мамлакат тилида ўқитилади. Шунга қарамай, инглиз тилидаги дастурлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, айниқса магистратура ва PhD даражаларида.

Францияда яшаш нархи ўртача — йилига тахминан 10 600 евро. Фақат Париж бундан мустасно.

Скандинавия мамлакатлари

Кўпгина Скандинавия мамлакатлари нафақат юқори турмуш даражаси, гўзал табиати ва либерал қарашлари билан, балки олий таълимнинг аъло сифати билан ҳам дунёга машҳур. Дания, Финляндия, Швеция, Норвегия ва Исландия чет эллик талабалар учун бюджетда ўқиш имкониятини таклиф қилади.

Норвегияда ўқиш мутлақо бепул, фақат семестр кириш тўлови (33-66 доллар) бундан мустасно. Бакалавриат дастурларининг аксарияти тўлиқ норвег тилида, лекин аспирантура ва докторлик дастурларида дарслар кўпроқ инглиз тилида ўқитилади.

Дания, Швеция ва Финляндияда докторлик дастурлари тўлиқ ҳукумат томонидан молиялаштирилади ва айниқса умидли аспирантларга иш ҳақи тўланади.

Шу билан бирга, Скандинавия мамлакатлари яшаш учун энг қиммат мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу асосан ривожланаётган иқтисодиёт ва кучли валюта позициялари билан боғлиқ.

Австрия

Европа иқтисодий зонасидан ташқаридаги мамлакатлардан келган чет эллик талабалар учун Австрия университетида ўқиш ҳар семестр учун тахминан 726 еврога тушади. Австрияда ўртача яшаш нархи эса йилига 11 400 эврони ташкил қилади.

Греция

Греция Европа Иттифоқи ичида яшаш учун энг бюджетли давлатлардан бири ҳисобланади. Европа Иттифоқига аъзо бўлмаганлар учун Греция университетларида ўқиш йилига 1500 еврога тушади.

Италия

Италиядаги хусусий университетларда ўқиш анча қиммат, лекин давлат университетларида бу анча арзон. Италиядаги давлат университетида бир йиллик бакалавр таълими университет ва таълим дастурига қараб 990 дан 4000 еврогача бўлиши мумкин.

Испания

Чет эллик талабалар учун Испания давлат университетининг бакалавриатида ўқиш нархи йилига 750 дан 2500 еврогача. Магистрлик дастурлари нисбатан қимматроқ бўлиши мумкин. Испанияда фаровон ҳаёт кечириш учун сизга йилига 10 800 дан 13 200 еврогача бўлган маблағ керак бўлади.

Нуриддин Зиё Турақулов тайёрлади


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Бепул олий таълим: қайси давлатларда бюджет асосида ўқиш мумкин?
[/banner_pushhouse