16:40 / 13.09.2021
1 629

АҚШ Термизга қочиб ўтган афғон учувчиларини эвакуация қилишни бошлади

АҚШ Термизга қочиб ўтган афғон учувчиларини эвакуация қилишни бошлади
Фото: Reuters
«Толибон» Афғонистонни эгаллаши арафасида Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчиларини АҚШ томонидан эвакуация қилиш бошланди. Бу ҳақда Reuters учувчиларга таяниб хабар бермоқда.

Reuters эълон қилган хабарда суратлар ҳам илова қилинган. Суратлардан учувчилар Uzbekistan Airways самолётида учиб кетаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, учувчилар Термиздаги лагердан чиқаётгани тасвирланган суратлар ҳам илова қилинган. Улар Афғонистондан ўзлари бошқарган учоқларда қочиб ўтгач, Термиздаги собиқ коронавирус беморларини даволаш лагерида бир ойдан буён яшаётганди.

465 нафар учувчи 46 та ҳарбий учоқда Ўзбекистонга қочиб ўтганди. Ўзбекистон ҳукумати учувчиларга зарур ҳимояни тақдим этган ва бир ой давомида уларни озиқ-овқат билан таъминлаган. Бу учун АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга миннатдорчилик билдиргани ҳам маълум.

АҚШ учувчиларни эвакуация қилишни 12 сентябр якшанба куни бошлаган. Уларнинг биринчи гуруҳи БААга йўл олган. Самолёт Термиздан учиб кетган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Ҳербст учувчиларнинг эвакуация қилинишини олқишлади: «Умид қиламан, учоқлар Америкага қайтади, учувчилар эса ҳеч қачон толибларга қайтарилмайди», деган элчи. Собиқ АҚШ элчисининг айтишича, Америка бу учувчилар олдида қарздор. Жаноб Ҳербст аввалроқ АҚШда тайёрланган афғон учувчилари Термизда қолаётгани сабаб Ўзбекистон ноқулай аҳволда қолаётганини айтганди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Термизга қочиб ўтган афғон учувчиларини эвакуация қилишни бошлади