12:13 / 14.09.2021
2 115

Мисрда сайёҳлар учун иккита янги туристик шаҳар очилади

Мисрда сайёҳлар учун иккита янги туристик шаҳар очилади
Фото: Depositphotos
Мисрда бир неча ой ичида сайёҳлар учун иккита янги шаҳар очилади. Бу ҳақда мамлакат Туризм вазирлиги раҳбари Холид ал-Ананига таяниб, «РБК» хабар берди.

«Келгуси бир неча ой ичида биз иккита бутунлай янги сайёҳлик шаҳри очишни режалаштирмоқдамиз. Улардан бири шимолда Қоҳирадан таҳминан 100 километр узоқликда, Қизил денгизга яқинроқда бўлади. Шаҳар Ал-Галала деб номланади», — дея ал-Анани у ерда яхталар учун жиҳозланган бандаргоҳ борлигини қўшимча қилди.

Қайд этилишича, иккинчи шаҳар Ўрта Ер денгизи соҳилида, Искандария яқинида жойлашган бўлади ва у Ал-Аламин деб аталади. Вазир чет элликлар орасида машҳур бўлган Хургада ва Шарм аш-Шайхдан ташқари Мисрда яна бошқа «жуда машҳур сайёҳлик шаҳарлари» борлигини эслатиб ўтди: Марса ал-Алам, Таба, Нувейба ва Сафага. Унинг сўзларига кўра, улар жуда катта сайёҳлар оқимини қабул қилмоқда.

Туризм вазирлиги раҳбари, шунингдек, расмийлар Мисрнинг барча сайёҳлик зоналари ва шаҳарларини транспорт йўналишлари, жумладан, арзон рейслар, тезюрар йўллар ва темир йўллар билан боғлашни режалаштираётганини таъкидлади. «Асосий мақсад — сайёҳларнинг ушбу шаҳарларга ташриф буюриши ҳамда бир эмас, кўп марта келиши учун имконият яратиш»,—деб тушунтирди ал-Анани.

Апрель ойида Захи Хавасс бошчилигидаги мисрлик археологлар Луксор (Мисрнинг жанубидаги шаҳар) яқинидан қум остига кўмилиб кетган уч минг йиллик шаҳарни топганди. Шаҳарга Мисрнинг энг буюк ҳукмдорларидан бири, эрамиздан аввалги 1391—1353 йилларда мамлакатни бошқарган 18-сулоланинг тўққизинчи ҳукмдори Аменхотеп III томонидан асос солинган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мисрда сайёҳлар учун иккита янги туристик шаҳар очилади