14:00 / 17.09.2021
2 029

Қирғизистонда яна бир собиқ бош вазир ҳибсга олинди

Қирғизистонда яна бир собиқ бош вазир ҳибсга олинди
Фото: Kloop
Қирғизистоннинг 19-бош вазири Жўмарт Оторбоев ҳибсга олинди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Оторбоев бош вазир лавозимида Алмазбек Атамбаев президентлиги даврида 2014 йил 25 мартдан 2015 йил 23 апрелига қадар ишлаган. Унинг ҳибсга олиниши Қумтор олтин конини қазиш лойиҳасини амалга оширишнинг турли босқичларида йўл қўйилган коррупция ишини тергов қилиш билан боғлиқ. Оторбоев ҳукумат раҳбари бўлган пайтда чет эл компанияси манфаатларига хизмат қилувчи кўрсатмалар берган, дея маълум қилди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Tengrinews’га.

«Тергов шуни кўрсатдики, Жўмарт Оторбоев бош вазир сифатида Қирғизистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлигининг Қумтор кони бош режасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича комиссиясига босим ўтказган. Қирғизистон Республикасининг Сув кодекси ва «Сув ​​тўғрисида» қонуни талабларини бузган ҳолда, «Qumtor Gold Kompani» хорижий компанияси манфаатларини кўзлаб буйруқ қабул қилиш билан Лисий ва Давидов музликларининг йўқ қилиниши давом этишига розилик билдирган» — дейилади хабарда.

Ҳозирда Оторбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасига жойлаштирилган. Собиқ бош вазир билан тергов ҳаракатлари давом эттирилади, унинг натижаларига кўра, яқин 48 соат ичида Бишкекнинг Первомайский туман суди қандай эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқади.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қумтор иши бўйича тергов натижалари, шу жумладан, Оторбоевга тегишли иш тўғрисида жамоатчиликни қўшимча равишда хабардор қилади», — дея хулоса қилади қўмита.

Бундан аввал Қирғизистон собиқ бош вазирлари Темир Сариев ва Омурбек Бабанов Қумтор иши бўйича ҳибсга олинганди. Шунингфдек, Қирғизистоннинг биринчи ва иккинчи президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар июль ойи бошларида Қумтор иши бўйича халқаро қидирувга берилган. Асқар Акаев 2 август куни Қирғизистонга қайтди. У йўл қўйган хатолари учун ҳамда «Қумтор» лойиҳасини амалга ошириш чоғида умидларни оқламагани учун қирғиз халқидан узр сўради. Қирғизистон собиқ президенти Қумтор иши бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинганидан кейин мамлакатни яна тарк этди.

Май ойи охирида Қирғизистонда яна икки нафар собиқ давлат амалдори коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган. Улардан бири Қирғизистон парламентининг собиқ раиси ва собиқ президент Сўронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековдир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистонда яна бир собиқ бош вазир ҳибсга олинди