13:30 / 30.10.2021
1 767

Гуантанамо маҳбуси қийноқлар ҳақида гапириб берди

Гуантанамо маҳбуси қийноқлар ҳақида гапириб берди
Американинг Гуантанамодаги қамоқхонаси маҳбуси, “Ал-Қоида”га ёрдам беришда айбланган Мажид Хон АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) терговчилари сўроқ пайтида қўллаган шафқатсиз қийноқлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

Мажид Хоннинг айтишича, у тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлишига қарамай МРБнинг “қора нуқта” деб аталувчи ер ости иншоотида узоқ вақт қийноққа солинган: бир неча кунлаб яланғоч ҳолда шифтга осиб қўйилган, совуқ сув сепилган ва ухлашига рухсат берилмаган, оч қолдирилган, боши сувга тиқилган, калтакланган ва зўрланган. “Мен ўламан деб ўйладим. Улардан тўхташларини илтимос қилдим ва ҳеч нарса билмайман деб қасам ичдим. Қанчалик кўп ҳамкорлик қилсам ва гаплашсам, шунчалик кўп қийноққа солиндим”, – деди у.

Мажид Хон 2006 йил сентябрида Гуантанамога жўнатилгунига қадар МРБнинг махфий объектида тахминан уч йил сақланган. Ўзининг айтишича, бу вақт давомида ёруғликни кўрмаган, қўриқчилар ва терговчилардан бошқа ҳеч ким билан гаплашмаган.

41 ёшли Хон “Ал-Қоида”нинг курьери бўлганини, амалга ошмаган бир қанча фитналарни режалаштиришда иштирок этганини тан олди. 2012 йил февралида у фитна, қотиллик ва терроризмга моддий ёрдам бериш каби айбловларни тан олган.

У 25 йилдан 40 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Тергов билан ҳамкорлик қилгани эвазига жазо муддати қисқартирилади, қолаверса, 2012 йилдан бери қамоқда ўтказган вақти ҳам ҳисобга олинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гуантанамо маҳбуси қийноқлар ҳақида гапириб берди